Америка 9/11 ҳужумларининг 10 йиллигини нишонламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Эгизак миноралар ўрнида икки ҳовуз барпо этилган

АҚШ Нью Йорк, Вашингтон ва Пенсилванияда амалга оширилган 11 сентябр ҳужумларининг 10 йиллигини нишонлашни бошлаган.

Ал Қоида ҳужум тайёрлаётган бўлиши мумкин деган огоҳлантиришлар ортидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Афғонистондаги АҚШ элчихонасида маросимлар бошлаб юборилган, сўнгроқ гаровга олинган тўрт учоқ урилиб, 3000 мингга яқин инсонни нобуд қилган ҳудудларда ҳам тадбирлар бўлиб ўтади.

Кобулда 10 йил аввал ҳалок бўлган, ҳамда ўтган 10 йил давомида жонини берган инсонлар ҳурматига АҚШ байроғи туширилган.

АҚШ қўшинлари Толибон ал Қоидага бошпана бергани туфайли Афғонистонга юборилганди.

Эгизак бинолари ҳужумлар оқибатида қулаган Жаҳон Савдо Маркази ҳудудида расмий ёдгорлик очилиши кутилади.

Жаҳон Савдо Марказига етакловчи йўлларга темир тўсиқлар қўйилган. Нью Йорк ва Вашингтонда полиция кўприклар ва тунелларга кираётган йирик машиналарни текширмоқда.

Марказий Жосуслик Агентлиги ўтган ҳафта олган огоҳлантиришга кўра, ал Қоида АҚШ шаҳарларини бомбалаш учун ҳужумчиларни юборган. Ҳужумчилар АҚШ фуқаролари бўлишлари ҳам мумкин.

Огоҳлантириш "ишончли, лекин тасдиқланмаган" дея тасвирланган.

Президент Барак Обама АҚШ террорчиликка қарши ҳушёр қолаётганини айтган.

Аввалги 9/11 маросимларида каби, Нью Йоркдаги тадбирда барча қурбонларнинг исмлари ўқиб эшиттирилади.

Жаҳон Савдо Марказининг эгизак миноралари, ҳамда Пентагон ва Пенсилваниянинг Шанксвил шаҳридаги далага тўрт учоқ урилган ё қулаган сонияларда АҚШ бўйлаб сукут сақланади.

Бугун очиладиган Нью Йорк Миллий 11 Сентябр Ёдгорлиги эгизак миноралар турган жойда яратилган икки катта ҳовуздан иборат.

11 сентябрда нобуд бўлган, ҳамжа Жаҳон Савдо Марказига қарши 1993 йилда уюштирилган бомба ҳужумида ҳаётдан кўз юмган олти кишининг ҳам исмлари ҳовузлар чеккасига ёзилган.