'Лондон ва Москва ўртасидаги келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Жаноб Камэрон Москвага "кўприкларни қайта тиклаш" учун борган

Москвага сафар қилган Британия Бош вазири Дэвид Камэрон икки давлат ўртасидаги келишмовчиликлар сақланиб қолаётганини айтган.

"Кўприкларни қайта қуриш"га қаратилган ташриф аввалида жаноб Камэрон Александр Литвиненко масаласини кўтарган.

Россия жосуслик хизмат собиқ ходимининг 2006 йилда Лондонда заҳарлаб ўлдирилиши ортидан икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиб кетган эди.

Россия қотилликда гумон қилинган Андрей Луговойни Лондонга топширишдан бош тортган.

Дэвид Камэрон Лондон Литвиненко қотилини жавобгарликка тортиш юзасидан ҳаракатларни давом эттиришини айтган.

Бир кунлик сафар Британия бош вазирининг 2005 йилдан буён Россияга илк расмий ташрифидир.

Москва Давлат Университетидаги нутқида жаноб Камэрон икки ўртада "ўзаро ишонч ва ҳамкорликка тўсқинлик қилаётган" масалалар борлигини эътироф этган.

"Биз хали ҳам сиз билан Литвиненко иши юзасидан келишмаймиз. Бизнинг ёндошувимиз оддий ва принципиал-жиноят содир этилган пайт маҳкамага ҳавола этилиши керак", деб айтган Британия бош вазири.

"Далилларни холисона текшириш, айбдор ёки бегуноҳни аниқлаш маҳкаманинг иши".

Жаноб Камэрон қурбонлар ва оилалари "адолатга ҳақли" эканини таъкидлаган.

У Россия билан муносабатларда "ҳамкорликка асосланган янгича ёндошув"ни исташини айтган.

Британия бош вазири Москва Университетети талабаларига рус тилида "биз биргаликда кучлимиз" деб хитоб қилган.

Москвага жўнаб кетишидан аввал жаноб Камэрон Россияни "муҳим ҳамкор" деб атаган.