'Кавказ-центр' веб саҳифаси Россияда экстремистик деб топилди

Image caption Веб саҳифа шимолий қофқозлик бўлгинчиларники сифатида кўпчиликка яхши таниш

Москва маҳкамаларидан бири "Кавказ-центр" веб саҳифасини экстремистик деб топди.

Маҳкама қарорида айтилишича, веб саҳифада экстремистик фаолиятга чорланади ва террорчилик оқланади.

Инсоннинг қайси дин ёки ирққа мансублигига қараб, унга қандай муносабатда бўлиш тарғиб қилинади.

"Кавказ-центр" веб саҳифасини экстремистик, деб эълон қилиш сўрови билан Никулинск маҳкамасига Россия Бош прокуратураси мурожаат этган.

Аммо прокуратура аризасида нафақат бу нарса, балки веб сайтда чоп этилган айрим мақолаларга ҳам худди шундай баҳо берилиши талаб этилади.

Маҳкама жараёни ортидан прокуратура вакилининг баён қилишича, энди "Кавказ-центр" Россия Адлия вазирлигининг чоп этилиши тақиқланган нашрлар рўйхатига киритилади.

Никулинск маҳкамаси қарорига мувофиқ, www.kavkazcenter.com, kavkaz.tv, kavkaznews.com, kavkaz.org.uk, kavkazcenter.com, kavkazcenter.net ва kavkazcenter.info доменларига кириш чекланади.

"Кавказ-центр" шимолий қофқозлик бўлгинчиларнинг веб саҳифаси сифатида кўпчиликка яхши таниш.

Веб саҳифа...

"Кавказ-центр"га 1999 йилда Чеченистон пойтахти Грознийда асос солинган.

Шундан сўнг бир муддат Литвада фаолият олиб борган.

Аммо 2004 йилга келиб, расмий Москванинг талаби билан литвалик масъуллар томонидан ёпиб қўйилган.

Веб саҳифа жорий пайтда Финляндиядан туриб ўз фаолиятини олиб боради.

"Кавказ-центр"га фин бизнесмени Микаэль Стурше ҳомийлик қилади.

Шу йилнинг январ ойида Фин томони сайтни ёпишга рози бўлмаганди.

Бундай сўров билан руҳоний Юхи Молари мурожаат этганди.

У "Кавказ-центр"ни террорчиликни тарғиб этишда айблаганди.

Руҳоний Молари қофқоз бўлгинчилари раҳбари Доку Умаров веб саҳифа орқали ўзига таҳдид қилганини ҳам баён қилганди.

Бир томондан Россиянинг босими, бошқа томондан мамлакат қонунчилиги қаршисида қолган расмий Ҳельсинки барибир ўз қароридан воз кечмаганди.

Финляндия Ташқи ишлар вазири Александр Стубб ўз мамлакатида "Кавказ-центр"ни ёпишга изн берувчи қонунлар йўқлигини баён қилганди.

Мазкур веб саҳифада Марказий Осиё давлатларига оид, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Афғонистондаги Толибон гуруҳининг фаолиятига боғлиқ мақолалар ҳам нашр этиб борилади.

Жумладан, шу йилнинг апрел ойида тожикистонлик мужоҳидларнинг таниқли собиқ дала қўмондони Мулла Абдуллонинг ўлими билан боғлиқ баёнотлари ҳам айнан "Кавказ-центр"да эълон қилинганди.