Ҳинд актрисаси Нихита Тукрал "ишқий муносабат" туфайли уч йилга "таъқиқланди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Нихита Тукрал актёр Даршан билан муносабатлари мутлақо "профессиоанал" эканлигини таъкидламоқда.

Ҳинд актрисаси Нихита Тукрал ўз ҳамкасби билан "ишқий муносабат"да бўлган, дея уч йил мобайнида каннада тилидаги филмларда суратга тушиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

"Каннада филм продюсерлари ассосиацияси" Ткурал хоним ўз ҳамкасби бўлган актёрнинг "оилавий тинчини бузганлиги"ни айтиб, таъқиқ киритди.

Нихита Тукралнинг ўзи Даршан исмли актёр билан ишқий муносабатда бўлганлигини рад этган ва таъқиқни "бемаъни", дея таърифлаган.

Унга кўра, ҳеч ким унинг ҳодиса ҳақидаги фикрини билишга ҳаракат қилмаган.

Уч кун аввал эса Даршаннинг ўзи турмуш ўртоғининг шикояти асосида маиший зўравонликда айблар билан ҳибсга олинган эди.

Айтилишича оиладаги жанжал айнан Тукрал хоним билан Даршаннинг муносабатлари туфайли келиб чиққан.

Даршан ҳибсга олинганидан сўнг унинг юзлаб мухлислари Бангалор шаҳрида норозилик намойишига чиқдилар.

Оломон тошлар ота бошлаган вақти полиция қамчиларни ишга солиб уларни тарқатиб юборди.

"Каннада филм продюсерлари ассосиацияси"га кўра, агарда актриса ўз "қилмиши" учун узр сўраса, унга нисабатан тақиқни бекор қилиши мумкин.

Ассоциация Президентига кўра, бу каби тақиқ бошқаларга сабоқ бўлиши учун биринчи маротаба киритилмоқда.

Тукрал хоним эса актёр Даршан билан муносабатлари фақатгина иш юзаисдан эканлигини бир неча бор таъкидлаган ва Даршаннинг оиласидаги машмашаларга нима учун уни масуъл кўришаётганларини тушуна олмаслигини айтади.

"Каннада филм продюсерлари ассосиацияси" актриса тақиқ юзасидан маҳкамага шикоят қилиши мумкинлигини билдирган.

Ҳиндистон филм саноатида эса бу каби тақиқлар "профессионал" эмаслиги ҳақида норозиликлар янграмоқда.