АҚШда қашшоқлик рекорд даражага чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Жаҳоннинг энг фаровон давлатларидан ҳисобланган АҚШда қашшоқлик рекорд даражага кўтарилган.

АҚШ Аҳолини рўйхатга олиш бюросининг йиллик ҳисоботига кўра, ўтган йили мамлакатда қашшоқлик даражасида яшаётганлар сони 46.2 миллион кишига етган.

Бу мамлакат аҳолисининг ҳар олти кишидан бири қашшоқ эканлигини англатади.

2010 йилги маълумотларга кўра қашшоқлар аҳолининг 15.1 фоизини ташкил этади. Бу 1983 йилдан бери кузатилган энг юқори даражадир.

2009 йили бу кўрсаткич 14.3 фоизни ташкил этганди.

АҚШда қашшоқликда яшаётганлар сони охирги тўрт йил мобайнида мутассил равишда ошиб келмоқда.

Мамлакатда тўрт кишидан иборат оила йилига 22 минг 314 доллардан камроқ маблағга, ёда алоҳида шахс 11минг 139 доллардан камроққа яшаса қашшоқ ҳисобланади.

Умуман олганда америкалик оилаларнинг йиллик даромади 2010 йилда 2.3 фоизга камайган. Ҳозирда ҳар бир оила йилига ўртача 49 минг 445 долларга кун кечирар экан.

18 ёшгача бўлганларнинг орасида қашшоқлар сони 22 фоизга етибди.

Энг қашшоқ штатлар сифатида Миссиссипи, Луизиана, Аризона ва яна бир қатор штатлар келтирилган.

Нью Хэмпшейр штатида эса қашшоқлар нисбати энг кам, 6.6 фоиз экан.