Афғонистонда Толибон вакиллари ва Нато кучлари Twitter орқали тортишиб олишди

Афғонистондаги Халқаро Тинчликни Сақлаш кучлари ва уларга қарши кураш олиб бораётган Толибон ҳаракати вакиллари Twitter орқали бир-бирлари ҳақида ошкора фикр алмашиб олишган.

Икки рақиб томон орасидаги "Твиттер" мулоқотини Британияда чоп этилувчи "Гардиан" газетаси чоп этган.

Суҳбатни Нато бошқаруви остида Афғонистонда фаолият олиб бораётган ISAF кучлари матбуот хизмати вакили бошлаб берган.

У 13 сентябр куни Кобул марказида кечган 20 соатлик жангга Толибоннинг, "Натижа муқаррар", эканига оид муносабатига жавобан, "Қизиқ, террорчилар яна қанча бегуноҳ афғонларга зиён-заҳмат етказишда давом этишаркин-а?", деб ёзади.

Кутилмаганда, Нато вакилининг ушбу саволи жавобсиз қолмайди.

"Твиттер"да ўзини Толибон воизи, деб тақдим этган Абдулқаҳҳор Балхий деган шахс унга жавоб қайтаришга тушиб кетади.

"Билмасам. Ўтган 10 йил давомида бутунбошли қишлоқлар ва бозорларни яксон этиб, сиз уларга жабр қилаяпсиз. Яна сурбетларча "зиён-заҳмат" ҳақида гапиргани ҳам уялмайсизлар-ей", деб ёзади у.

Бунга жавобан ISAF вакили, "Қўйсанглар-чи! Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (UNAMA) нинг урғулашича, оддий аҳоли орасидаги қурбонларнинг 80 фоизи сиз - исёнкорларнинг ҳиссаларингизга тўғри келади-ку", дейди.

Абдулқаҳҳор шунда ҳам довдираб қолмайди: "Ҳам ISAF, ҳам UNAMA (Афғонистонни Қайта тиклашга кўмак бериш идораси)нинг бир хил одамлар томонидан бошқарилиши, шундай экан бу каби рақамларга ишонишдан ҳеч бир маъно йўқлигига ишора қилиб, уларни маълумот билан ким таъминлайди?" деб қарши савол қўяди.

"Твиттер" орқали икковлон орасидаги мулоқот худди шу нуқтада муайян муддатга тўхтаб қолади.

Аммо шундан сўнг Балхий Си-Эн-Эннинг "Пентагон: Афғон исёнкорлиги бу йил "анчайин самарасиз" номли мақоласига "lol", дея баҳо қолдириб, очко тўплашда давом этади.

ISAF кучлари матбуот воизлиги ҳам кечроқ яна жавоб қайтаришга ўтиб, АҚШ элчихонаси ва ISAF қароргоҳига уюштирилган ҳужумлар ортидан қўшинларини текшираётган Нато бошчилигидаги иттифоқ кучлари қўмондони, генерал Жон Аллен акс этган Youtubeдаги видеолавҳага илова қилиб, "Ҳей, сенинг раҳбаринг ҳам шундай қиладими?" деб сўрайди.

Икки рақиб орасидаги даҳанаки жангга эса, бир гуруҳ Толибон жангариларининг ўтган кун Кобул марказидаги АҚШ элчилиги ва ISAF кучлари қароргоҳига қилган ҳужумлари сабаб бўлади.

Ўзиям нақ 20 соат давом этган жангда ўндан ортиқ киши ҳалок бўлган, йигирмага яқини яраланганди.

Жангарилардан ҳам 10 нафари ўлдирилгани айтилади.