Хитой: июл ойидаги зўравонликлар бўйича уйғурлар ўлим жазосига ҳукм этилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шинжондаги маҳкама шу йил июл ойида Хўтанда юз берган ҳодисалар учун айбдор деб топиб тўрт уйғурни ўлим жазосига ҳукм этган, икки кишига узоқ йиллик қамоқ жазолари белгиланган.

Бу ҳақда Хитойнинг давлат назоратидаги матбуоти хабар тарқатган.

Бироқ фаоллар маҳкамага тортилганлар устидан адолатли маҳкама ўтказилмаган, дейишади.

Хитой оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, маҳкама тўрт уйғурни террорчилик ташкилотини ташкил этиш ва террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш, ноқонуний равишда портловчи моддаларни тайёрлаш, қотиллик ва ўт қўйиш каби бандларда айбдор деб топган.

Хитой расмий органлари июл ойининг ўртасида 20 га яқин инсон ўлимига сабаб бўлгани айтилган Хўтон шаҳридаги давлат идораларига ҳужумларда уйғур бўлгинчиларини айблаган, бироқ уйғур фаолларига кўра, Хитой ҳукумати тинч намойишчиларни ўққа тутиб, сўнг уларни ғалаёнчилар дея ёмонотлиқ этган.

Июл ойининг охирги кунларида Қашғар шаҳрида ҳам зўравонликлар рўй берган.

Расмийлар 30 ва 31 июл кунларидаги ҳужумларда 20 инсон ҳалок бўлганини айтганлар.

Хитой расмийларига кўра, 30 июл кечқурун қўлида пичоғи бўлган икки киши оғир юк автомобилининг ҳайдовчисини ўлдириб, машинани оломон устига ҳайдаган, саккиз киши ўлгани, 28 киши яралангани хабар қилинган.

Кейинги кун Қашғар хиёбонларидан биридаги ресторан портлаган.

Расмийлар яна пичоқ билан қуролланган беш киши полициячиларга ва йўловчиларга ҳужум қилганини айтганлар.

Бу ҳодисада олти йўловчи ҳалок бўлгани, 12 киши яралангани хабар қилинган.

Шундан кейин Хитой расмийлари ҳужумларда иштирок этган ва Покистонда махсус тайёргарликдан ўтган деб айтган икки уйғур маккажўхоризорда отиб ўлдирилганини хабар берган эдилар.

Муҳожиротдаги Жаҳон Уйғурлари уюшмаси Шинжондаги сўнгги маҳкамани қоралаган, олти уйғур устидан ҳукмлар чиқарилган маҳкама адолатли бўлмаганини айтган.

"Улар ҳибсда қаттиқ қийноқларга тутилди, уларнинг ўзлари истаган ҳуқуқшуносларни ёллашларига рухсат этилмади. Тайинланган адвокатлар эса ўз мижозлари билан фақат бир марта, атиги бир ярим соат мобайнида кўришишга муваффақ бўлдилар", деб айтган Жаҳон Уйғурлари уюшмаси вакили Дилшод Роҳат.

"Айбланувчилар қўйилган айбларига иқрор бўлмасалар, уларнинг оила аъзоларига тазйиқ ўтказиш билан пўписа қилганлар", деб айтган уйғур фаол.