Ливия можароси: Муваққат ҳукумат кучлари Сиртда қаршиликка дуч келишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ливия муваққат маъмурияти жангчилари Муаммар Қаддофийга ҳамон содиқ қолаётган охирги шаҳарлардан бири Сиртга кириб боришган. Ўтиш даври Миллий Кенгашига кўра, жангчилар шаҳар марказидан 8 чақиримча узоқдаги жануб ва ғарбидаги мудофаа чизиқларни ёриб ўтишган, аммо қаттиқ қаршиликка дуч келиб, чекинишган.

Кенгаш воизининг Би-би-сига билдиришича, муваққат ҳукумат кучлари мерганлар ва қаддофийпараст қўшинлар элит (сараланган) бўлинмаси билан тўқнашишган. Ҳамда ярадорларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 2 чақиримча ортга чекинишга мажбур бўлишган.

Муваққат ҳукумат кучлари бир неча таянч нуқталарда қаддофийпараст қўшинлар қаршилиги дуч келишмоқда. Бани Валид, Сабҳа ва Муаммар Қаддофий туғилган Сирт шаҳарлари шулар жумласига киради.

Ўтган ҳафта аксилқаддофий кучлари Бани Валидни олишга саноқли соатлар қолганини айтишган, аммо кейин ортга чекинишга мажбур билишганди.

Айни пайтда Бенғозидаги оламон Британия Бош вазири Девид Камерун ва Франция Президенти Николя Саркозий олқишлар билан кутиб олишган.

Улар Қаддофий тузуми ағдарилганидан бери мамлакатга сафар қилаётган илк Ғарб раҳбарларидир.