Эронда Би-би-си ҳужжатли филми намойишидан кейин олти киши ҳибсга олинган

Image caption Би-би-си Форс телевидениеси намойиш этган филм Оятуллоҳ Ҳоманаига бағишланган

Эрон расмийлари тасвирга олиш гуруҳини ҳибсга олган, уларни мамлакатда тақиқланган Би-би-си Форс хизмати билан ҳамкорлик қилганликда айбламоқдалар.

Эрон давлат телевидениеси ҳибс ҳақида хабар тарқатган ва бу олти шахсга Форс тилидаги Би-би-си хизмати учун махфий материаллар тайёрлаб беришлари учун пул тўланган, деб айтган.

18 сентябр куни Би-би-сининг Форс тилидаги телеканали Эроннинг Олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Ҳоманаи ҳақида ҳужжатли филм намойиш этган, эртаси куни ижодкорлар ҳибсга олинган.

Би-би-си Форс хизматининг телекўрсатувлари сунъий йўлдош орқали эфирга узатилади, Эронда телеканал "бўғилади".

Аммо шунга қарамасдан, мамлакат ичкарисида телеканал кўрсатувларини томоша қилиш мумкин.

Би-би-си мухбири Жеймс Рейнолдснинг хабар қилишича, ҳужжатли филм намойиш этилаётган пайтда Би-би-си Форс телеканали сигналлари бир неча марта узилган.

Олти филм ижодкорининг ҳибсга олиниши муносабати билан Британия Радиокорпорацияси баёнот эълон қилган.

Бу баёнотда Би-би-сининг Эрон ичкарисида на расмий ва норасмий мухбири борлиги айтилган.

Олти кишидан бирортаси ҳам Британия корпорацияси ходими ҳисобланмаслиги эълон қилинган.

"Сўроқ қилинаётган шахслар мустақил ҳужжатли филм тайёрловчилар, улар тасвирга олган филмлар фестиваллар ва бошқа халқаро тадбирларда экранларда намойиш этилган. Телеканалларнинг ҳужжатли филмларни намойиш этиш бўйича умумий қабул қилинган амалиётига биноан, Би-би-си Форс телевидениеси ушбу филмларни намойиш этиш ҳуқуқини сотиб олган", дейилади Би-би-си эълон қилган баёнотда.