Россияда июнда қулаган "Ту-134нинг штурмани маст ҳолда бўлган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россиялик терговчиларга кўра, шу йил июнида ҳалокатга учраган Ту-134 учоғининг штурмани спиртли ичимлик истеъмол қилган бўлган. Ҳалокатда 47 киши ҳаётдан кўз юмганди.

Москвадан Петрозаводскка қараб учган "Рус Эйр" ширкатига тегишли учоқ қўналғага бир километрча масофа қолганда, қўнишдан атиги бир неча дақиқа аввал қулаб тушганди.

Ҳодиса юзасидан ўтказилган текширув хулосасига кўра, қўниш вақтида учувчига кўрсатма бериб туриши керак бўлган штурман парвоздан олдин спиртли ичимлик истеъмол қилган ва бу ҳолат унинг ҳушёрлик даражаси пасайганига сабаб бўлган.

Бундан ташқари ёмон об-ҳаво шароити ҳам ҳалокатга олиб келган сабаблардан бири эканлиги айтилган.

Давлатлараро Авиация Қўмитаси ҳисоботида айтилишича, Финляндия чегарасига яқин Петрозаводскдаги фожиа қалин туман шароитида, учоқ экипажи ердаги чироқларни кўра олмайдиган ҳолатда рўй берган.

Лекин, экипаж ортга қайтиб қўнишга яна бир бор ҳаракат қилиш борасида қарор бермаган ва учоқ қўниш йўлакчасига яқинлашаётган вақтда дарахтларга келиб урилган.

Мутахассилар хулосасига кўра, ҳалокат натижасида ўзи ҳам ҳалок бўлган учоқ штурмани бир қадаҳ арақ ичган. Учоқ қулашидан салгина аввал ўта ҳаяжонда бўлиб, учувчига қўнишни тезлатиш ҳақида буйруқ берган.

Лекин, баъзи мутахассилар экипаж аъзосининг маст ҳолда учоққа чиқа олиши ва айнан унинг ҳаракатлари фожиага сабаб бўлганлигини шубҳа остига олмоқдалар.

Хулосада шунингдек айтилишича, экипаж аъзолари ўртасида ўзаро маълумот алишиш яхши йўлга қўйилмаган, учувчи штурманнинг буйруқларини кўр-кўрона бажарган, иккинчи учувчи эса жараёндан деярли четда турган.

Тадқиқот натижаларига кўра, учоқда техник камчиликлар бўлмаган ва ҳалокат учувчилар ва экипажнинг бошқа аъзолари хатоси туфайли рўй берган.

Ҳалокат натижасида 44 киши шу заҳотиёқ оламдан кўз юмганлар. Яна уч киши кейинчалик касалхонада оламдан кўз юмди. Беш киши омон қолган.

Бу хулосалар шу ой бошларида Россиянинг машҳур хоккей жамоларидан бирини олиб кетаётган Як-42 учоқ ҳалокати юзасидан давом этаётган текшириш манзарасида тақдим этилди.

Як-42 учоғининг қулаши билан шу йилнинг ўзида Россиядаги авиаҳалокатлар сони 15га етган.

Россия учиш учун жаҳондаги энг хавфли мамлакатдир.