Хитойдаги сув тошқинлари миллионлаб инсонларни ўз жойларини тарк этишга мажбурлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хитой хабар агентлигига кўра, жала ёмғир Жялинг дарёси сатҳини хавфли ҳисобланадиган даражадан ҳам етти метрга оширган.

Дарё атрофидаги тошқинлар 1847 йилда кузатувлар бошланганидан бери энг ёмони бўлиши башорат қилинмоқда.

Расмийларга кўра, Сичуан, Шаанси ва Хенан вилоятларида аллақачон 57 киши ўлган, миллиондан кўпроқ киши уйларидан кўчирилган.

Хитой расмийлари табиий офатдан жами 12 миллион 300 минг жабр кўрганини айтадилар, вазият мамлакатнинг жануби-шарқий, марказий ва шимолий ҳудудларида оғирлиги хабар қилинади.

Тошқинлар туфайли аксар майдонлардаги қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили йўқотилган, ёғингарчилик боис аксар ҳудудларда ҳосил кечиккан.

Хитойнинг Фуқаролик ишлари бўйича вазирлиги маълумотларига қараганда 120 минг уй қулаб тушган.

Оқибатда 2 миллиард 700 минг долларлик зарар етказилгани айтилмоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича вазирлиги шу пайтгача 22 инсон бедарак кетганини хабар қилган.

Вазирлик табиий офатдан зарар кўрганларга чодирлар ва кўрпачалар, кийим-кечак тарқатилаётганини айтади.

Давлат назоратидаги China Daily рўзномаси хабарига кўра, Шаанси вилояти маркази Сианг шаҳри атрофидаги туманда ер кўчкиси юз берган, кўчки ғишт заводи ва завод ишчиларининг ётоқхонасини буткул ер остида қолдирган.

Оқибатда 17 инсон ҳалок бўлган, 15 кишининг тақдири ҳалигача номаълум.

Хитойнинг энг узун дарёси Яанцзи соҳилларидан тошиши энг хатарли даражага кўтарилган, дарё ўзани бўйлаб истиқомат қиладиган 600 минг одам биргина Сичуан вилоятининг ўзида яшаш жойларидан хавфсиз жойга кўчирилганлар.

Хитой ҳар йили сув тошқинларидан зарар кўради.

Ўтган йилги сув тошқинлари ҳам охирги ўн йилликдаги энг ёмони деб таърифланган, табиий офат туфайли 4000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган ёки бедарак кетган эди.