Эрон собиқ Шўро давлатлари учун рус тилида сунъий йўлдош телеканали очмоқчи

Image caption Бу Эрон томонининг хорижий аудиторияга мўлжалланган тўртинчи телеканали бўлади

Эрон давлат телерадиокомпанияси (IRIB) раҳбари Иззатулло Заҳрамий ҳукуматининг собиқ Шўро давлатлари учун рус тилида сунъий йўлдош телеканали очиш мақсади борлигини айтган.

Бу ҳақда Эроннинг Press TV янгиликлар телеканали веб саҳифаси хабар тарқатган.

Куни-кеча Украина пойтахти Киев сафаридан қайтган жаноб Заҳрамий бундан буёғига рус тилида телеканал очиш масаласига асосий эътибор қаратишларини билдирган.

Украинага қилган сафари давомида Эрон давлат телерадиокомпанияси раҳбари маҳаллий оммавий-ахборот воситалари вакиллари, олимлар ва маданият арбоблари билан учрашган.

Ўз ўрнида, украиналик томошабинларга рус тилидаги таг сўз (субтитр) билан Эронда ишланган бадиий фильмлар, телесериаллар ва мультфильмлар қўйиб кўрсатилган.

Жаноб Заҳрамийнинг айтишича, Украина аҳолисига ўзларининг телемаҳсулотлари ёққан.

Тўртинчи хорижий канал

Янги телеканал Эрон пойтахти Теҳрондаги студиядан Оврўпо сунъий йўлдошлари тизими орқали олиб узатилади.

Дастурларнинг бир қисми интернет орқали қайта трансляция этилади.

Бу - Эрон давлат телерадиокомпаниясининг хорижий аудиторияга мўлжалланган тўртинчи махсус канал бўлади.

Бундан аввал 24 соатлик инглиз тилидаги Press TV ва араб тилидаги Al-Alam янгиликлар телеканали иш бошлаганди.

Шу йил август ойи охирида эса, Лотин Америкаси давлатларига мўлжалланган Hispan TV телеканали ишга тушганди.

Иззатулло Заҳрамий бунинг сабабини дунё аҳолисининг каттагина қисмини ташкил этувчи испанзабон томошабинларга Эрон Исломий Республикасидаги ҳаёт ва идеология ҳақида маълумот бериш нияти билан изоҳлаганди.

Форсийзабонлар телевидениеси

Шу йилнинг феврал ойида Тожикистон, Афғонистон ва Эроннинг ҳамкорликда янги форсийзабон телеканал очишлари учун расмий Теҳрон Олмониядан 2, 5 млн АҚШ долларига тенг махсус асбоб-ускуналар харид қилганди.

Эроннинг Тожикистондаги элчиси Алиасқар Шердўст Тожикистон ҳукумати телевидениенинг фаолият бошлаши тўғрисида расмий мактуб йўллагандан сўнг ускуналар келтирилишини маълум қилганди.

Уч форсийзабон мамлакатнинг муштарак телевидениесини ташкил этиш ҳақидаги ҳужжат Тожикистон пойтахти Душанбеда уч мамлакат раҳбарлари томонидан имзоланганди.

Ўз ўрнида, телеканал маркази Душанбеда бўлишига келишилганди.

Тожикистон пойтахтида халқаро телевидение учун уч қаватли бино Эрон томонидан таъмирланиб, тайёр қилиб ҳам қўйилган.

Афғонистон, Эрон ва Тожикистон ҳамкорлигидаги телевидение иш бошлаши билан боғлиқ охирги ваъда эса, ўтган йил Наврўз санаси эди.

Лекин ҳамкорликдаги форсийзабон янги телеканал фаолиятини ҳануз бошлаганича йӯқ.