Толибон нима учун Раббонийнинг ўлдирилиши юзасидан сукут сақламоқда?

Image caption Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилиши Афғонистонда этник бўлинишларга етаклаши мумкин деган қўрқувлар бор

Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилиши Афғонистонни сиёсий бўҳронга сабаб бўлди, дейиш мумкин. Олий Тинчлик Кенгаши раҳбари Афғонистон мамлакат сиёсий доирасидаги турли гуруҳлар ўртасида бир кўприк вазифасини бажарган. Унинг ўлими мазкур гуруҳлар ўртасидаги келишмовчиликларни қайта уйғотиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар бор. Бошида Толибон Бурҳониддин Раббонийга қарши ҳужум масъулиятини зиммасига олди, кейинроқ эса, бу даъвони инкор қилди. Шундай экан, Толибон ичида нималар кечмоқда? Би-би-си ушбу саволни Кобулдаги Афғонистон Таҳлилчилар Тармоғидан Кэт Кларкка берган:

Кэт Кларк: Жуда қизиқ ҳол рўй берди, ахборот агентликларидан бирига аввал қотилликни амалга оширганлик даъво қилиниб, кейин рад этилди. Улар ахборот агентлигига интервью берганларини расман инкор қилишди. Энди эса, Толибон: "Бу ҳақда изоҳ беришни истамаймиз, ҳали ҳам маълумотларни тўплаяпмиз", демоқда. Агар ҳақиқатдан ҳам бу ишга Толибон масъул бўлса, буни жорий йилги юқори мартабали шахсларга қарши амалга оширилаётган суиқасд амаллари бир қисми дейиш мумкин эди. Одатда улар Президентнинг укаси ва ё Афғонистон шимоли бўйича полиция хизмати бошлиғига ўхшаш одамлар ўлдирилгани ҳақида шараф билан жуда тез ва қатъий бир шаклда баёнот беришарди. Бу сафар сукут сақлашмоқда. Бундан эса, толиблар бу ишни қилишга қилдилару, нақадар катта сиёсий оқибатларга еташи мумкинлигини кейин англаб қолишди ё-да, уларнинг бунга алоқалари йўқ, аммо қандай муносабат билдириш ҳақида бош қотиришяпти, дея тахмин қилиш мумкин.

Би-би-си:Айтаётганингиздек, бу улар учун ғайриоддий ҳолат, шундай эмасми? Кўплар агар ҳужумни Толибон амалга оширган бўлса, улар билан музокаралар йўли ёпилганини айтишади. Мазкур ҳодисадан кейин Толибон билан музокарага бориш учун сиз жуда ботир бўлишингиз керак. Уларнинг мақсади шу бўлган дейиш мумкинми?

Кэт Кларк: Бу ерда икки масала бор. Биринчиси, Раббоний Толибон нишонидаги шахслардан бири бўлгани аниқ. У Толибонга қарши кўп йиллар кураш олиб борган Шимолий Иттифоқ раҳбари эди. Шу билан бирга Раббоний Олий Тинчлик Кенгашига раҳбар ва ҳукуматнинг Толибон билан музокара олиб борувчи бош расмийси ҳам эди. Уни мавҳ этиш ўта кескин амал бўларди. Чунки, бу Толибоннинг тинчлик музокараларига мутлақо қизиқиши йўқлигини намойиш этади. Масаланинг муҳим тарафи ҳам мана шунда. Раббоний ҳақида қандай ўйламанг, унинг шахси ўта баҳсли эди. Тинчлик Кенгашига келсак, агар Бурҳониддин Раббоний толиблар тарафидан ўлдирилган бўлса, бу бениҳоя рамзий бир амал бўлиб, бу уларнинг тинчлик музокараларини истамаётганларини кўрсатади. Толибоннинг ҳозирча сукут сақлаётгани, ҳаракат раҳбариятида айни ҳодиса юзасидан ўта қизғин мубоҳасалар кетаётганини англатади, менимча.

Би-би-си: Ҳукумат ичкарисидаги сиёсий вазият ҳақида нима дейиш мумкин? Раббонийнинг ўрнига бошқа одамни тайинлаш қанчалар осон ёки бўлинишлар юзага келиш эҳтимоллари борми?

Кэт Кларк: Президент Карзай бу ишга Раббонийни танлаганига сабаб, унинг табиатан Толибонга яқинлиги учун эмас, аксинча. Раббоний шимол бўйича юқори мартабали сиёсатчи ва Толибон билан ҳар қандай ҳисоб-китобда ўз одамлари ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилишини мумкин бўлган шахс эди. Тарихан Афғонистонда пуштунларга ён босилган. Бу асрлардан бери шундай. Шу боис ҳам, пуштунлардан бўлган Президент Карзай билан аксар пуштунларни ташкил қилувчи Толибон ўртасидаги музокараларда миллий озчиликлар аҳамиятини пасайиши юзасидан хавотирлар мавжуд эди. Миллий озчиликларнинг айримлари катта сонни ташкил қилади. Хуллас, биз бу ерда кам сонли одамлар ҳақида гапирмаяпмиз. Раббоний айнан шу одамлар манфаатларини ҳимоя қилиши учун тайинланганди. Раббоний ўлдирилганидан кейин, унинг иттифоқчилари жуда-жуда кескин баёнотлар билан чиқишди. Улардан бири: "Бу йиртқич махлуқлар билан қандай қилиб музокара олиб боришимиз мумкин", дейди. Яна бири: "Бу одамларни инсон зотидан деб бўлмайди", деб айтди. Айримлар ҳодисадан ўз сиёсий мавқеълари учун фойдаланишмоқда. Ва ҳозир Афғонистонда этник бўлинишлар келиб чиқиши мумкин бўлган ўта хатарли вазият юзага келган, дейиш мумкин.