Бурҳониддин Раббонийнинг жанозаси қаттиқ хавфсизлик чоралари остида ўтган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон пойтахти Кобулда худкуш ҳужумчи томонидан ҳалок этилган собиқ президент ва тинчлик музокарачиси Бурҳониддин Раббонийнинг дафн маросими бўлиб ўтган. Маросим хавфсизлик ўта кучайтирилган шароитда ташкил этилган. Олий Тинчлик Кенгаши раҳбарини сўнгги йўлга кузатиш учун пойтахтдаги президентлик саройи қошида минглаб одамлар тўпланишган Раббоний жаноблари кейинроқ Кобулдаги уйига қараган адир тепасида дафн этилган.

Бурҳониддин Раббоний сешанба куни Толибон вакили эканини даъво қилган шахс тарафидан ўлдирилганди. У портловчи воситани салласига яшириб келган. Тинчлик ваъдаси

Раббоний жанобларининг жанозасига Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳам иштирок этган. Жаноб Карзай маросим иштирокчиларига тинчлик жараёнини давом эттиришга ваъда берган.

"Шаҳиднинг ва озодлик учун шаҳид кетган бошқа инсонлар қони тинчлик ва барқарорликка эришмагунимизга қадар бу йўлдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришни талаб қилади", деб айтган Афғонистон Президенти.

"Тинчлик душманларига қарши курашиш бизнинг зиммамиздаги мажбуриятдир", дейди у.

Ҳарбий кепка ва оқ қўлқоп кийган ҳарбийлар миллий байроққа ўралган тобутни кўтариб, президентлик саройи тахтасупасига элтишган.

Расмийлар бирма-бир Раббоний жанобларига тобути қаршисида бош эгиб ҳурмат бажо келтирганлар.

Бурҳониддин Раббонийнинг ўғли Салоҳиддин: "Биз бугун жаҳон тариҳидаги муҳим сиёсий паллада энг йирик ва қайғули ҳодисага гувоҳ бўлмоқдамиз", деб айтган.

Пойтахтнинг дипломатик ҳудуди хавфсизлик юзасидан ўраб олинган.

Автомобилларга ҳудудга кириш тақиқланган ва аҳоли ҳамда жанозага келган одамлар текширувдан ўтказилган.