'Кўринмас мужоҳидлар ва Афғонистон ҳақидаги бошқа афсоналар'

Британияда чоп этилувчи "Гардиан" газетасида "Кўринмас мужоҳидлар ва Афғонистон ҳақидаги бошқа афсоналар" сарлавҳаси остида мақола элон қилинган.

Мақола Жонатан Стилнинг яқинда нашрдан чиққан "Афғонистон арвоҳлари: аччиқ ҳақиқат ва хорижлар уйдирмаси" китобига шарҳ ҳамдир.

Илк бор бундан 30 йил олдин Афғонистонга сафар қилган Жонатан Стил ўз китобида ҳозир Афғонистон ҳақида шаклланган ўнта уйдирмани ҳақиқатдан ажратишга ҳаракат қилган экан.

Афғонистон ҳақида биринчи кенг тарқалган фикр: Афғонлар ҳамиша хориж қўшинларини мағлубиятга учратганлар, Искандар Зулқарнайндан тортиб, замонавий армияларгача...

Албатта, Афғонистон тарихида хориж қўшинлари юз тутган мағлубиятлар бўлган, дейилади мақолада.

Лекин улар мамлакатга кириб келиб, ишғол қилган вақтлар ҳам бўлган.

Бундан икки, уч минг йилча аввал Искандар Зулқарнайн ҳозирда Афғонистон номи билан маълум ҳудудларни деярли қаршиликсиз қўлга киритган.

Чингиз хон қўшинлари ҳам бу ерларда осонлик билан зафар қучишган.

Афғонистон замонавий тарихидаги британлар ишғолларини бир томонлама талқин қилиш қийин, ҳақиқат шуки, бу даврда хорижликлар Афғонистонни забт этишга келганда, анчайин мушкулликларга дуч келганлар.

Ва Буюк Британия буни тушуниб етди, дея биринчи афсонага хулоса қилинган.

Афғонистон ҳақида иккинчи афсона: Шўролар ишғоли фуқаролар урушига ва афғон мужоҳидлари учун Ғарб қўлловига сабаб бўлди.

Жонатан Стилга кўра, Кобулдаги ҳукуматга мухолифат Шўролар келишидан аввал ҳам мавжуд бўлган.

"Пешовар еттилиги" номи билан танилган ва Америка, Хитой, Покистон ҳамда Саудия Арабистони томонидан қўлланган мужоҳиддин қўмондонларининг ҳаммаси Шўролар келишидан аввалроқ муҳожиратга юз тутгандилар.

Муаллифга кўра, уларнинг Ғарб давлатлари томонидан қўлланиши ҳам Шўролар ишғолидан олдин бошланган.

Учинчи афсона: Шўролар мужоҳидлар ўнгида йирик йўқотишларга юз тутганлар.

Жонатан Стилга кўра, мужоҳидлар жанг майдонида Шўроларни енга олмаганлар.

Улар бир нечта жангда зафар қучган бўлишлари мумкин, аммо яна шунчасида мағлубиятга учраганлар. Амалда ҳеч қайси тараф ғолиб бўлмаган.

Тўртинчи афсона ҳам Ғарбнинг мужоҳидларга кўрсатган дастаги билан боғлиқ, яъни "Стингер" русумидаги ракеталарнинг етказиб берилиши Шўроларни Афғонистонни ташлаб чиқишларига сабаб бўлган омилдир.

Стил китобида айтилишича, бу афсона 2003 йили чоп этилган америкалик конгресс аъзоси Чарли Уилсон китобидан келиб чиққан.

Аммо Стилга кўра, "Стингер" ракеталари кириб келишидан сўнг, Шўролар ўз вертолётлари ва учоқларини унчалик ҳам кўп йўқотишмаган.

Бешинча афсона: Шўролар чиқиб кетганидан сўнг, Ғарб ҳам ўз орқасини ўгириб кетиб қолгани ҳақида экан.

Амалда эса бундай эмас, дея фикр юритади Стил.

Унга кўра, аксинча, 1989 йили Нажибуллоҳ ҳукуматига қарши Америка ва Покистон мужоҳидларни қўллашда давом этган ва шу билан яқин афғон тарихида фуқаролар урушига чек қўйишнинг энг яхши имконияти йўққа чиқарилган.

Олтинчи афсона: мужоҳидлар Кобулдаги ҳукуматни ағдариб, Москва устидан ҳам ғалабага эришганлари ҳақида.

Аслида эса, 1992 йили расмий Москва Кобулдаги ҳукуматга бошқа қурол-яроғ етказиб бермаслиги ҳақида эълон қилган ва бу билан Нажибуллоҳ ҳукумати ёлғизланиб, заифлашган.

Бу эса, айнан Москванинг ўзи Кобул ҳукуматини қурбон берганини англатади, дея хулоса қилган Жонатан Стил.

Еттинчи афсона энг кўп ишонилгани бўлса керак, бу толиблар Усама бин Лодинга бошпана бергани ҳақида.

Аслида, бин Лодин Жалолободга 1996 йили, Нажибуллоҳ ҳукумати ағдарилиши биланоқ, Раббоний ҳукумати томонидан ёлланган учоқда келган экан.

Толиблар Жалолободни эгаллашганидан сўнг, унинг ўнгида икки танлов бўлган: ё аввалги иттифоқдошларидан кечиш, ё Афғонистонни тарк этиш, у биринчисини танлади, дея ёзади муаллиф.

Кейинги афсона Толиблар ҳукумати Афғонистон ўз тарихида кўрган энг зулмкор ҳукумат эканлиги ҳақида.

Афғонлар эркинликларнинг чекланиши толиблардан аввалроқ бошланганлигини эслашади, масалан, кинотеатрлар 1992 йилдаёқ ёпила бошлаган экан.

Телевидение экранларида ҳам аёл бошловчилар Толибон тузумидан аввал тақиқланган.

Мужоҳидлар ҳукумати даврида Кобулнинг ўзида 50 мингга яқин фуқаро ҳалок этилган.

Муаллиф, бундан ташқари, толибларнинг аёлларга қарши энг қаттиққўл ҳукумат бўлганлари ва халқ орасида қўлловга эга бўлмаганлари ҳақидаги афсоналарни ҳам чипакка чиқарган.