АҚШ билан алоқалари ёмонлашган Покистон Хитойга юз бурмоқдами?

Image caption Покистонннинг қабила ҳудудларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари билан бирга уйғур жангчиларнинг ҳам амал қилиши айтилади.

Покистон ўзининг қабила ҳудудларидаги уйғур жангариларини йўқ қилишга ваъда берган.

Бу ҳақда Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик Исломободда хитойлик ҳамкасби Мэн Цзяньчжу билан музокаралардан сўнг гапирган.

Жаноб Малик "Хитойнинг душмани Покистоннинг ҳам душмани" эканини айтган. "Покистоннинг душмани ким бўлишидан қатъий назар,уларга қарши қаттиқ зарба берилади", - деб айтган жаноб Малик.

Покистонннинг Афғонистон билан чегарадаги қабила ҳудудларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари билан бирга, уйғур жангчиларнинг ҳам амал қилиши айтилади.

Хитой мусулмон уйғурларни бўлгинчилик ва терроризмда айблайди ва ғарбий Шинжон минтақасидаги ҳалокатли ҳужумлар учун масъул, деб билади.

Хитой ички ишлар вазирининг Исломободга ташрифи Покистон-АҚШ муносабатлари ёмонлашиб кетган пайтга тўғри келган.

Вашингтон Покистон жосуслик хизматларини Афғонистон пойтахти Кобулдаги қатор ҳужумлар учун масъул Ҳаққоний тармоғини қўллаб-қувватлашда айблаган.

Исломобод эса бу даъволарни асоссиз, дея рад этади.

Янги иттифоқчи

Покистонлик таҳлилчилар Исломобод сўнгги можаро манзарасида АҚШ Покистон билан алоқаларни камайтирадиган бўлса, ўртада юзага келадиган дипломатик бўшлиқни тўлдириш учун Пекин билан янада яқинлашишга ҳаракат қилаётганини айтишади.

Пешоварлик таҳлилчи Раҳимулло Юсуфзайнинг Би-би-сига айтишича, Покистоннинг қабила ҳудудларидаги уйғурлар Хитойни безовта қилади, аммо улар Хитойни нишонга оладиган даражада кучга эга эмас.

"Хитой Покистон ва Афғонистондаги уйғур жангариларидан хавотирда. Аммо бу уйғурлар жуда озчилик. Хитойнинг ўзи уларнинг сони 50 нафардан 80 нафаргача эканини айтади. Улар Покистондан Хитойга сизиб ўтишлари ёки уни нишонга олишлари осон эмас", - дейди покистонлик журналист.

Унинг фикрича, Покистон томонининг сўнгги баёнотига АҚШ билан совуқлашиб кетган алоқалар манзарасида қаралиши керак.

"Покистоннинг истаги Хитойга янада яқинроқ бўлиш ва ўзининг Вашингтонга қарамлигини камайтириш", - дейди таҳлилчи.

Аммо унга кўра, ҳозирги босқичда Хитой Покистон учун Американинг ўрнини боса олмайди.

"Хитой ҳозирда иқтисодий қудратга айланган, аммо у хали ҳарбий қудрат даражасига етгани йўқ. Бундан ташқари, Пекиннинг АҚШ билан зиддиятга киришмаслик сиёсати ҳам бор. Шунинг учун Хитой хали Покистон учун АҚШ каби муҳим иттифоқчининг ўрнини боса олмайди.

Сешанба куни Нью Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси анжуманида хитойлик ҳамкасби билан учрашган АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтон, хабарларга кўра, Хитойни Покистон борасида Вашингтон билан мулоқот бошлашга чақирган.