Бангладешда тиланчилар орасида сўров ўтказилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Бангладеш расмийлари пойтахт Даккадаги тиланчилар орасида илк бор сўров ўтказмоқда.

Мақсад, айтилишича, тиланчилар муаммолари илдизини топиш ҳамда бошқа муқобил тирикчилик усулларини таклиф этишдир.

12 миллион инсон истиқомат қилувчи Дакка шаҳрининг ўзида 40, 000 нафарга яқин гадой борлигига ишонилади.

Ҳукуматнинг тиланчиликка барҳам бериш саъй-ҳаракатларга қарамай, бундай кун кечириш усули пойтахт ва Бангладешнинг бошқа қисмларида кенг тарқалган.

Тиланчилар орасида илк бор ўтказилаётган омма сўрови жума кунидан бошланади. Аммо, ушбу тадқиқот аллақачон танқидларга ҳам сабаб бўлган.

Ҳар куни Даккадаги йўл четлари, светофорлар ва тижорий бинолар қаршисида юзлаб тиланчиларни кўриш мумкин.

Уларнинг аксари жисмонан ногирон инсонлардир.

Тиланчиларни мавсумий ва ё маълум вақтга қарамай фаолият қиладиганлар, ногиронлар, аёллар ва болалар каби тоифаларга ажратиш мумкин.

Ҳукумат сўровни олиш бориш учун 10та ноҳукумат ташкилотларини ишга солган.

Хавотирлар

Бангладеш Ижтимоий ёрдам вазири Энамул Ҳақ Мустафо Шоҳид мақсад тиланчиларни ҳайдаб солиш эмас, балки уларга кўмак кўрсатиш эканини айтади.

"Биз ўз қишлоқларига қайтиб, ўз ҳаётларини қайта бошламоқчи бўлганларга ёрдам берамиз", дейди у.

"Биз уларни касбий тайёрловдан ўтказамиз. Баъзиларга кексалик нафақатларини беришга тайёрмиз. Қайта тарбиялаш дастури учун бизга тиланчилар ҳақида аниқ маълумотлар керак", дея урғулайди вазир.

Бироқ, айрим инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари сўров усулини танқид остига олишган. Уларга кўра, пойтахтда тиланчилик тақиқланган экан, бу ишни қилаётганини тан олган ҳар қандай шахс жиноятчи сифатида кўрилиши мумкин.

Аммо, ҳукумат сўровда иштирок этадиганлар жазоланмаслигини айтади. Фаоллар эса, тиланчилар Дакканинг йирик ҳудуди бўйлаб доимий ҳаракатда экан, сўров ўтказишнинг ўзи мушкул кечиши мумкин.