Бурҳониддин Раббонийни ўлдирган шахс 'покистонлик' бўлган

Раббонийнинг дафн маросими Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Раббоний жаноблари икки ҳафта муқаддам худкушлик ҳужумчи тарафидан ўлдирилганди

Афғон ҳукуматининг айтишича, текширувлар натижасида тинчлик музокарачиси Бурҳониддин Раббонийнинг қотили покистонлик шахс бўлгани аниқланган.

Президент идораси чиқарган баёнотга кўра, қўлга киритилган далиллар қотиллик Покистоннинг Кветта шаҳрида ташкиллаштирилганини кўрсатган.

Жаноб Раббоний 20 сентябр куни ўзини Толибон тинчлик музокарачиси деб таништирган худкуш ҳужумчи томонидан ҳалок этилганди.

Собиқ жумҳурраис ва Олий Тинчлик Кенгаши раҳбари Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилишида "Ҳаққоний" тармоғи айбланган.

Америка ушбу тармоқни Покистон ҳарбий жосуслик хизматлари назорати остида эканини айтади.

Раббонийнинг ўлимидан сўнг Президент Карзай Толибон билан тинчлик музокараларидан воз кечгани, бундан кейин ҳукумат Покистон билан мулоқотларга диққат қаратишини билдирган.

Расмий Кобул Покистон ҳукуматини жангари гуруҳларни дастаклашда кўп маротаба айблаган. Исломобод эса, бу айбловларни рад этиб келади.

Мухбирларга кўра, сўнгги баёнот шундоқ ҳам таранг ҳолатда бўлган Афғонистон ва Покистон ҳукуматлари ўртасидаги муносабатларни янада совуқлаштиради.

'Энди Покистон билан музокара олиб борилади'

Афғонистон ҳукумати чиқарган баёнотда Бурҳониддин Раббонийга қарши уюштирилган суиқасдни ўрганган текширувчилардан иқтибос келтирилади: "Ҳужжатлар ва далиллар бирга, ҳодисада гумон қилинганларнинг биографиялари, манзил ва телефон рақамлари Покистон ҳукуматига топширилди".

Маълум қилинишича, бу билан гумондорларни тутиш ва Афғонистон ҳукуматига топшириш сўралади. Карзай жаноблари воизи Сиамак Ҳеравий якшанба куни Толибон билан тинчлик музокаралари тўхтатилганини такрорлаган ва тинчликка оид янги стратегия "тез орада" тақдим этилишини айтган.

Жума куни Карзай жаноблари энди тинчлик саъй-ҳаракатлари қаерга йўналтирилиши лозимлигини очиқ-ойдин билдирганди.

"Мулла Умарнинг манзили йўқ... уларнинг тинчлик элчиси қотил бўлиб чиқмоқда, биз ким билан музокара олиб боришимиз керак?"

"Афғон халқи мендан музокара олиб борилиши керак бўлган бошқа томон қайси эканини сўрайди. Бунга менинг жавобим: Покистон".

Афғонистон ҳам, Қўшма Штатлар ҳам Покистон жосуслик агентлигини жангари гуруҳларни дастаклашда айблайди.

Айниқса, агентлик "Ҳаққоний" тармоғини қўллаб-қувватлаши айтилади. Айни тармоқ Кобулдаги Америка ва Афғонистон ҳукуматига тегишли нуқталарга қарши қатор ҳужумлар ортида турганликда айбланади.

Шанба куни Афғонистон Ички ишлар вазири Бисмиллоҳ Муҳаммадий Роббонийнинг ўлдирилишида Покистон Жосуслик Хизмати бош қўшганига "шубҳа йўқ"лигини айтганди.

Покистон эса, мунтазам равишда жангари гуруҳларни дастакламаслигини таъкидлайди.

Икки ҳафта муқаддам бомбани салласига яшириб келган худкуш ҳужумчи жаноб Раббоний ва яна бир қанча кишининг умрига зомин бўлганди.

Портлаш юз берган пайтда Бурҳониддин Раббоний ўз уйида Толибон ҳаракати аъзолари билан учрашаётган бўлган. У бошчилигидаги кенгаш афғон ҳукуматининг Толибон томони билан музокаралар олиб бориш ҳаракатларига бошчилик қилиб келганди.

Толибон ҳозиргача ушбу ҳодиса юзасидан сукут сақламоқда.