АҚШдаги норозилик юришининг юзлаб қатнашчилари ҳибсга олинганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи GETTY IMAGES

Нью-Йоркдаги Бруклин кўпригига элтувчи йўлда қатновни издан чиқарган "Уолл Стритни босиб ол" деб номланган норозилик амалиётининг 700 тача аъзоси ҳибсга олинган.

"Уолл Стритни босиб ол" ҳаракати фаоллари сентябр ойининг ўрталаридан ўзларининг норозилик тадбирларини бошлаганлар.

Ҳаракат фаоллари Америка жамиятидаги қатор қусурларга қарши эканликларини билдирадилар.

Улар мамлакат раҳбарияти улкан ширкатларга ён босиб, "молиявий терроризм" содир этаётгани, ижтимоий соҳаларга қаратилган бюджет маблағлари қисқартирилгани, юқори даражадаги ишсизликка нисбатан норозилик изҳор этмоқдалар.

Шунингдек, фаоллар мамлакатдаги озчиликлар, жумладан мусулмонларга нисбатан ҳам адолатсиз муомала қилинаяпти, дейишади.

"Уолл Стритни босиб ол" ташкилотчилари Нью-Йоркнинг молиявий мавзесида икки ҳафтадан буён туришипти, улар кўчаларга 20 минг кишини олиб чиқиш, бу ерда қишгача туришга қарор қилишганини айтишган.

Бир ҳафта олдин ҳаракатнинг 80 та аъзоси ҳибсга олинган, улар транспорт қатновига халақит берганликда айбланганлар.

30 сентябр кечқурун ҳам 1000 дан зиёд иштирокчи тинч намойиш ташкил этишган, бунда қатор ишчилар ташкилотларининг вакиллари ҳам қатнашганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳаракат фаоллари шанба куни тушдан кейин Бруклин кўпригига юришни бошлаганлар, улар кўприкдаги транспорт қатновини ёпишга қарор қилганлар.

Нью-Йорк полициясига кўра, намойишчиларга пиёда йўлагида қолиш, йўлнинг автомобил қатнови қисмига тушмаслик буйруғи берилган.

Полиция вакилллари юриш қатнашчиларининг айримлари бунга қулоқ тутишгани, бошқалари эса катта йўлга чиқишганини айтишади.

Бироқ айрим намойишчиларга кўра, полициянинг ўзи уларга автомобил йўлида юришга русхат берганлар, бирмунча вақт намойишчиларга ҳамроҳлик қилиб ҳам боришган, кейин тўсатдан юриш қатнашчиларининг қўлларига кишан сола бошлаганлар.

700 дан ортиқ юриш қатнашчиси полиция участкаларига олиб борилганлар, жаримага тортилишлари ҳақида огоҳлантирилиб қўйиб юборганлар.

Расмийларга кўра, кечки соат 8 ларда Бруклин кўприги бўйлаб қатнов яна қайта йўлга қўйилган.