Ливия: Сиртга қарши янги ҳарбий амалиётлар бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ливия ўтиш даври ҳукумати кучлари Қаддофийчиларнинг таяч нуқтаси бўлиб қолаётган Сирт шаҳрига қарши янги ҳарбий амалиётларини бошлашган.

Икки кунлик осойишталикдан сўнг шаҳар ракеталар ва танклар воситасида нишонга олинган.

Юзлаб одамлар Сиртни ташлаб чиқишган, бироқ инсонпарварлик ёрдам ходимларига кўра, ичкарида ҳали яна минглаб кишилар қолишмоқда.

Жанубда 1,200дан ортиқ африкалик муҳожирлар Чадга эвакуация қилинган.

Ўтиш даври Миллий Кенгаши кучлари уч ҳафтадан бери қаршилик кўрсатаётган Қаддофий содиқ қўшинларни шаҳардан сиқиб чиқариш учун оғир қуролларни ишга солишмоқда.

Аммо, Сирт ташқарисидаги ҳукумат жабҳасида бўлган Би-би-си мухбири Жонатан Хеднинг айтишича, олдинга силжиш ҳали ҳам мушкул кечмоқда.

Ҳарбий амалиётларни бошқараётган қўмондонлардан бири бу Сиртга қарши ниҳоий ҳужумларнинг бошланиши эканини айтган. Бироқ, у ҳарбий амалиётлар қанча вақт давом этиши ҳақида тугал гап айта олмаган.

Ҳали шаҳарда минглаб одамлар бор

Душанба куни юзлаб сиртликлар лиқ тўла автомашиналарда шаҳарни ташлаб чиқишган.

Гувоҳларнинг айтишларича, ҳали минглаб одамлар ичкарида қолмоқда. Айримлар жароҳат олишган, баъзиларнинг автоуловлари ва ё ёқилғилари йўқ, маълум сондаги кишилар эса, шунчаки эшик ҳатлаб чиқишга қўрқишаётир.

Муаммар Қаддофийнинг қаерда экани номаълум қолмоқда. Қамал остидаги шаҳар собиқ раҳбарнинг туғилган жойи ҳисобланади.

Ўтиш даври Миллий Кенгаши янги ҳарбий амалиётларни бошлашдан олдин аҳоли шаҳардан чиқиб кетишига имкон бериш учун якшанба кунигача вақтинчалик сулҳга эришганди. Сирт Ўтиш даври Миллий Кенгашига қаршилик сақланиб қолаётган икки йирик шаҳарнинг биридир.

НАТО расмийси Қаддофийпараст телевизион каналининг Сирт устидан НАТО тикучоғи уриб туширилгани борасидаги хабарини рад этган.

Африкаликлар эвакуация қилинди

Халқаро Миграция Ташкилоти 1,200 нафар африкаликни Ливия жанубидаги Сабҳа шаҳридан эвакуация қилмоқда.

15та юк машинасидан иборат карвон Нигердан Чад томон йўлга тушган. Африкаликлар ўша ердан ўз уйларига қайтарилади.

Халқаро Миграция Ташкилотининг Чаддаги идораси раҳбари Қосим Сўфий жанг майдонига айланган шаҳардан чиқиб кетаётган муҳожирлар гуруҳи ва ниҳоят "енгил нафас олишган". Улар 11та турли мамлакат фуқаролари эканлари айтилади.

Жанглар боис муҳожирларни олиб чиқиш ва ё уларга зарурий таъминот етказиш мушкул қолаётганди.

Кўплаб африкаликлар ёлланма аскарлар дея гумон қилинганлари ва Ўтиш даври Миллий Кенгаши кучларининг адоватли муносабатларга дуч келганларини айтишган.