Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Ҳиндистонда 'стратегик битимларни' имзолайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай мамлакатидаги хавфсизлик ва тараққиёт масалаларини муҳокама этиш мақсадида Ҳиндистонга борган.

Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингх ва бошқа раҳбарлар билан музокаралар якунида бир неча муҳим стратегик битимлар имзоланиши кўзда тутилаётгани хабар қилинган.

Ҳиндистон Афғонистонни қайта тиклаш ишларига катта ҳисса қўшиб келаётган мамлакат бўлиб, сўнгги ўн йил мобайнида Ҳиндистоннинг Афғонистонга кўрсатган кўмаклари 2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Президент Карзай Деҳлига Афғонистонда юз берган қатор ҳужумлар ортидан бормоқда, бу ҳужумларда Ҳиндистоннинг узоқ рақиби бўлиб келаётган Покистон махсус хизматлари айбланди.

Би-би-си мухбири Санжой Мажумдер айтишича, Деҳли Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқиб кетилганидан кейин Афғонистон ва Покистонда хавфсизлик вазияти ёмонлашишидан хавотирдалар.

"Ҳиндистон Афғонистоннинг энг йирик донорларидан бири, у Афғонистондаги йўл қурилишларидан тортиб, Афғон парламенти биносини барпо этиш каби лойиҳаларга ҳам маблағ сарфлаган, шу билан бирга Афғонистонда янада каттароқ рол ўйнашни хоҳлайди", дейди мухбиримиз.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайнинг Ҳиндистон билан имзолаши кўзда тутилган янги шартномаларнинг аксари Ҳиндистон молиялайдиган тараққиёт лойиҳаларига тааллуқлидир.

Шу билан бирга Ҳиндистон Афғон хавфсизлик кучлари, шу жумладан Афғон полициясини тайёргарлик ўтказишни ўз зиммасига оладиган ҳужжат имзоланиши кўзда тутилгани хабар қилинган.

Мухбирларга кўра, Ҳиндистоннинг Афғонистонни ривожлантириш амалиётларига бош қўшаётгани ҳақидаги хабарларни Покистон хушламай қаршилайди, чунки Покистон Афғонистонни "ўз томорқаси" деб билади.

Деҳли Покистонни "Лашкари Тойиба" ва "Ҳаққоний" гуруҳларини дастаклаётганликда айблайди, бу гуруҳлар Афғонистондаги Ҳиндистонга тегишли муассасаларни бир неча марта нишонга олганлар.

Бу ҳужумлар орасида 2008 йил Кобулдаги Ҳиндистон элчихонасига уюштирилган ҳужум ҳам тилга олинади, ўшанда 40 киши ҳалок бўлган эди.