Покистон: Кветта шаҳри яқинида автобусга қарши ҳужум уюштирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қуроллилар Покистон жануби-ғарбида шиа мусулмонларини олиб кетаётган автобусни нишонга олишган. Полициянинг айтишича, ҳужумда 13 киши нобуд бўлган, 6 инсон яраланган.

Ҳодиса Балучистон вилояти маркази Кветта шаҳри яқинида юз берган.

Полициянинг айтишича, ҳужумчилар йўловчиларни бир сафда тизилишга мажбурлашган ва кейин отиб ўлдиришган. Хабарларга кўра, ҳаётдан кўз юмганлардан 11 нафари, яралангандан 6 кишиси шиалар бўлишган.

Ўтган бир неча йил асносида шиа озчилигини нишонга олувчи қатор бомба портлашлари ва қуролли ҳужумлар амалга оширилган.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Орла Геринга кўра, бу эрталабги тиғиз соатларда ўта шафқатсизларча амалга оширилган ҳужумдир.

Мухбиримизга кўра, мазҳаббозлик моҳиятидаги ҳужум бир неча ҳафта олдин ҳам кузатилганди.

Икки ҳафта аввал 26 нафар шиа мазҳабидаги зиёратчилар қуролланган шахслар томонидан ўлдирилганди.

Қуроллилар Балучистоннинг Мастанг минтақасида кетаётган автобусга ҳужум қилишган эди.

Бир ойча аввал эса худкуш ҳужумчи машинасини шиалар масжиди яқинида портлатиб, камида 11 кишининг ёстиғини қуритганди.

Полицияга кўра, қурбонларнинг аксарияти шиа мусулмонлари бўлган.

Би-би-си билан суҳбатда Покистон Ички ишлар вазири Раҳмон Малик Панжобнинг маҳаллий ҳукуматига мактуб йўллагани ва аксилшиа жангариларни жиловлаши ҳақида сўраганини айтди.

Малик жаноблари бу каби ташкилотларга нисбатан аксилтеррор қонунлар қўлланилиб чора кўрилишини исташини урғулайди. Бу билан унинг айтишича, “ айни гуруҳларнинг ҳаракатлари чекланади ва фаолиятлари ҳам жиловланади”.

У шунингдек, шиа зиёратчиларини Покистондан Эронга сафарлари давомида ҳукумат қўриқлаб бориши кераклигини айтди.

Ассошиэйтед Пресс хабар агентлигига кўра, полиция сўнгги ҳужумга учраган автобусдаги одамлар Кветта ташқарисидаги сабзовот бозорига ишлаш учун кетишаётган бўлганлигини айтган.

Хабарларга кўра, шиалар сўнгги воқеалардан ғазабланишган ва Кветтанинг асосий шоҳ кўчасини тўсиб олганлар.

Покистонда шиалар энг кўп сонли озчиликни ташкил этишади.

Ҳужумларнинг аксарияти учун маъсулият суннийлардан иборат Лашкари Жҳангви гуруҳига юкланмоқда.

Айни асосан панжоби гуруҳ Ал Қоида ва Толиблар билан алоқада экани айтилади.

Шиа мазҳабидаги покистонликлар раҳбарлари эса ўзларини ҳукумат томонидан ташлаб қўйилган деб ҳисоблашларини айтишади.