Россия Бош вазири Владимир Путин Оврўосиё Иттифоқини яратиш ниятида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Бош вазири Владимир Путин собиқ Совет республикаларини Оврўпо Иттифоқи аъзоларига ўхшаб бирлашишга чақирди.

Президентликка номзодлиги эълон қилинишидан бир неча кун ўтиб "Известия" газетасида нашр этилган мақоласида жаноб Путин "Оврўосиё Иттифоқи" номли янги тизимни тузиш режасини эълон қилди.

У мазкур иттифоқ жаҳондаги қудратнинг энг йирик маркази бўлиши ва геосиёсий ва геоиқтисодий воқеликни ўзгартиришини айтди.

Владимир Путин бу иттифоқ Совет Иттифоқидан ўзгача қадриятларга таянишини билдирди.

У янги иттифоқни Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд асосида яратиш ва уни "замонавий дунёнинг қутбларидан бирига" айлантириш ниятида эканини айтди.

Ҳозирда Божхона Иттифоқига Россия, Белорус ва Қозоғистон аъзо.

Айни шу мамлакатлар 2012 йил 1 январидан бошлаб Ягона иқтисодий ҳудуд таркибига киришади.

Россия Бош вазири сўзларига кўра, аллақачон ташкил этилаётган янги иттифоқ Оврўпо Иттифоқи сингари қудратли иттифоққа айланади.

Путин режаларига мувофиқ, вақт ўтиши билан ушбу иттифоққа Қирғизистон ва Тожикистон қўшилишади.

Путиннинг ёзишича, бу ерда сўз Совет Иттифоқига ўхшаш иттифоқни қайта тиклаш ҳақида бормаётир: "ўтмишда қолган нарсани қайтадан таъмирлаш ёки нусхасини кўчириш соддалик бўларди, аммо янги сиёсий ва иқтисодий қадриятларга асосланган изчил интеграция бу - давр талаби".

Владимир Путиннинг таъкидлашича, Оврўосиё Иттифоқи йўлида россияликлар, қозоғистонликлар, белоруслар ва унга қўшилишга қарор қилганлар ҳаракатланиш, иш ва бизнес юритиш ҳамда таълим олишда буткул эркин бўлишади.

Би-би-си барпо этилиши режалаштирилган янги иттифоқ борасида ўзбекистонлик иқтисодчи, профессор Руфат Раззоқовни суҳбатга тортди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди