Айрим Афғон қишлоқлари ҳамон Толибон қонуни асосида яшамоқда

Image caption Ака-уканинг бири Толбион аъзоси, иккинчиси Афғон армияси зобити

Бундан ўн йил аввал Афғонистонда Толиблар қудратдан ағдарилганига қарамай, ҳамон тўла мағлуб этилгани йўқ. Би-би-си мухбири Пол Вуд бугунги жангариликни ўрганар экан, "Толиблар қайтиши мумкинми?", деган саволга жавоб қидиради.

Дашту-далаларда шамол увиллайди, ерда тиз чўкиб ўтирган эркакнинг кўзлари боғланган, оёқлари кишанланган. Уни Толиблар ўлимга ҳукм этганлар ва ҳукм ижро этилиш арафасида...

Гранатомётларни елкаларига осиб олган жангарилар томошага одамларни тўплашади. Уларнинг аксарияти камерали қўл телефонларига эга. Шу йўл билан бу ҳукм ижроси кенг оммага тарқалади.

Бир тарафда бурқа кийган уч ёш аёл турибди. Шу аёллар бу тиз чўкиб турган одамни ўлдиришади.

Бу одам уларнинг амакиси... У аёлларнинг ота-онасини ўлдирган.

Қишлоқ аҳлига кўра, бу аёлларнинг онаси зино қилган ва уларнинг отаси - ўлимга ҳукм этилган бу эркакнинг акаси "шармандалик"дан қутилиш учун ҳеч бир амалга қўл урмаган.

Ўлимга ҳукм этилган бу эркак эса ғазаб отига минади, улар тушган машинага қарата ўт очади. Автомобил ичида бўлган ота-она дохил яна икки фарзанди ҳалок бўлади.

Бугун у тўрт инсоннинг хунини тўлаши керак. Қонга қон, жонга жон... Толибон жангарилари аёлларга оғир Калашников автоматларини қандай ушлашни ўргатадилар. Бу аёллар отишга ҳукм қилинган эркакдан атиги бир неча қарич нарида туришади.

"От", дейди улардан бири, "бу осон, от!"

Аёллар бирма-бир ўқ узишади.

Бу қатл маросимига каттагина оломон тўпланган. Улар шу яқин атрофда қурилган янгигина жамоат марказининг томидан жой талашади. Бу марказни даниялик ноҳукумат ёрдам ташкилоти қуриб берган.

Айримлар, шубҳа йўқки, бу томошага Толиблардан қўрқиб йиғилган. Бошқалар эса "Аллоҳу Акбар" деб хитоб қилишади.

"Одамлар бу кишини отиб ўлдирилганидан хурсанд эдилар", деб хотирлайди ҳукм ижросини томоша қилганлардан бири.

"Шу атрофдаги 20 ё 30 қишлоқ Толиблар назорати остида... Улар ўғриларни тутишади. Одамларга Толибларнинг қилаётган ишлари маъқул... Ҳукумат жиноятчиларни жазоламайди, Толиблар адабини беради..."

Афғонистон истилосига ўн йил тўлди. Аммо НАТО ҳамон Толибонни маҳв этгани йўқ. Чекка қишлоқларда ҳамон Толиблар ҳукмрон. Бу ҳукм ижроси Ҳирот шаҳридан 100 чақирим узоқдаги қишлоқда юз берган.

Ҳукм ижроси уч аёлнинг қўли билан амалга оширилгани даҳшатли манзарадир. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари албатта буни қаттиқ қоралашади.

Аммо анъанадор қишлоқларда Толибларни айнан мана шундай амаллари учун қўллаб-қувватлашади.

Шунда ҳам аксар афғонлар Толиблар қайтишини исташмайди.

Ўтган ҳафталарда Кобулда Толиблар билан музокараларга қарши бир неча намойишлар кечди.

Аммо бу жанг майдонида нима бўлишига боғлиқ.

Жанубда НАТОнинг қўли баланд келмоқда, шарқий бўлгаларда эса тескариси, яъни жангарилар муваффақият қозонмоқдалар.

Биз мамлакат бўйлаб жангарилар билан суҳбатлашдик. Нима учун жангга кираётганлари билан қизиқдик.

Аксарият НАТО ҳужумлари оқибатида ўз яқинларидан ажралгани сабаб Толиблар сафига қўшилганларини айтишади.

Айримлар урушлардан чарчашган, аммо то НАТО мамлакатни тарк этмаганигача курашни тўхтатмасликларини урғулашади.

Мулла Мушк Алам сарипуллик.

Image caption Толибон аъзолари НАТО кучларининг қилаётган амалларидан ғазабда эканликларини айтадилар

"Мен Толиблар сафига етти ё саккиз ой аввал қўшилдим. Мен кофирларга қарши жиҳод қилмоқдаман. Чунки улар ватанимга бостириб киришди. Хорижликлар жуда кўп одамларни ўлдиришди. Улар уйларимизни итлари билан кириб тинтув қилишади. Номаъқул шаклда аёлларимиз ва болаларимизни текшириб кўришади. Мен Толиблар сафига қўшилишимнинг яна бир сабаби порахўр ҳукуматдир. Икки акам ва амаким НАТО бомбардимони туфайли қурбон бўлди. Уларнинг жасадларини уйга келтиришган куни мен шундай қарор қилдим. НАТОга қарши курашишни дилимга тугдим. Менга ўхшаганлар жуда кўп. Бир қишлоқда аввал ўнта толиб бўлса, бугун улар юзта...Толиблар пул беришмайди бизга, биз ўзимиз боримизни сарфлаб жанг қиламиз, биз албатта ғалаба қиламиз. Ислом ғолиб диндир”.

Мен ҳам бир Толибон жангариси билан учрашишга муваффақ бўлдим. У Кобул ташқарисидаги бўлгалардан бирида яшайди.

У билан учрашишимга яна бир сабаб, суҳбатдошимнинг ўзи толиб бўлса, акаси Афғон армиясининг зобитидир. Тадқиқотларим давомида бу каби ҳолат анча кенг тарқалганига гувоҳ бўлдим.

"Раҳимуллоҳ" чордона қуриб ўтирар, ҳозир 20 ёшда экани, 16 ёшидан бери Толиблар сафида эканини айтди.

Мен ундан, агар шарт дейилса, ҳукумат армияси зобити бўлган ўз акангни ҳам ўлдиришга тайёрмисан, деб сўрадим.

У ниҳоятда сокинлик билан этни жунжиктирадиган жавоб берди.

"Кофирларга қўшилганларга қарши курашамиз. Улар бизнинг акамиз ва ё отамиз бўлса ҳам фарқи йўқ... Динимиз шуни тақозо этади".

Ундан ёш болалар худкуш ҳужумчиларга айлантирилаётгани ҳақида ҳам сўрадим. "Биз одамларни худкуш ҳужумларга мажбур қилмаймиз. Улар ўзлари динлари учун қурбон бўлишга тайёрлар..."

Унинг катта акаси "Абдурашид" эса армияга фақат маошини олиб туриш учун боришини айтади. У иккала томонни ҳам дастакламаслигини урғулайди. Аммо суҳбат давомида НАТОни "кофирлар" деб таниши, аммо жангарилардан ҳам қўрқиши аён бўлади.

"Толиблар қишлоғимизда назоратни ўз қўлларига олишган. Агар биродарим Толиблар сафида бўлмаса, мени аллақачон олиб кетган бўлишади". Бу зобит саксон аскарга бошлиқ зобитнинг ўринбосари экан.

Агар Толиблар ундан ёрдам сўрашса қандай йўл тутади?

"Агар Толиблар мажбур қилишса, албатта уларга ёрдам бераман", дейди бу зобит.

НАТО эса Афғонистонда ўз мақсадларига эришаётганини айтади. Бир йил мобайнида мамлакат бўйлаб зўравонлик етти фоизга тушган. Энг мушкул вазият ҳукмрон Ҳелмандда эса бу кўрсаткич йигирма етти фоиз...

Аммо бу каби маълумотлар ортида бошқа бир воқеълик бор. Жангарилар тобора таниқли шахслар ва арбобларни нишонга олмоқда.

Толиблар ғалаба қилишаётгани йўқ, аммо уларни мағлуб бўлишмоқда, дейиш ҳам мушкул.