Apple муаллифи Стив Жобс оламдан ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Apple ширкатининг собиқ бошқарувчи раиси Стив Жобс 56 ёшида оламдан ўтди.

Apple ширкатининг таърифида шундай дейилади, " нурли заковати, ишқи ва иштиёқи саноқсиз янгиликлар манбаи эди ва бизнинг ҳаётимизни яхшилади, бойитди... Дунё Стив яшагани учун бугун яхшироқдир".

Стив Жобс 2004 йилда ошқозон ости бези саратонига чалинганини эълон қилди.

Стивен Пол Жобс 1955 йилда, 24 февралда Сан Франсискода таваллуд топади. Университетда таҳсил олаёган икки талаба - бири Суриялик мусулмон Абдулфаттоҳ Жандали, иккинчиси Жоан Шииблнинг никоҳдан ташқарида туғилган фарзандини кейинроқ Калифорниялик Пол ва Клара Жобслар асраб олишади. Орадан бир муддат ўтиб, Стивнинг таъбир жоиз бўлса асл, биологик ота оналари Абдулфаттоҳ ва Жоан турмуш қуришади ва қиз кўришади.

Мона исмли бу қизалоқ Стивнинг синглиси бўлиб, бу ҳақда у орадан йиллар ўтиб, балоғатга етгач билиб қолади.

Америка Президенти Барак Обамага кўра, " Стив Американинг буюк ихтирочиларидан эди. У бошқача ўйлашга журъат қила олди, дунёни ўзгартираман деб ишонадиган даражада қатъиятли ва бу истагининг уддасидан чиқадиган истеъдодга эга эди".

Microsoft раҳбари Билл Гейтс Стив Жобснинг технология дунёсига улкан таъсир кўрсатгани ва бу ҳали бир неча авлодларда аксланишини айтган.

Гейтс жанобларига кўра, Стив Жобс билан ишлаганлар бу имкониятни ўзлари учун мисли кўрилмаган шараф деб биладилар.

Ню Йорк мэри Майкл Блумберг эса, " Америка даҳосидан айрилди. Уни Эдисон ва Эйнштейн билан бир қаторда эслашади", деб айтган.

Стив Жобс дунёга iMac компютери,iPod ва iPhoneларни тақдим қилди.

Унинг ўлимидан бир кун аввал Apple ширкати янги iPhone 4S моделини эълон қилганди.