Совет фахрийси: 'Барқарорликка эришишнинг ягона йўли – Афғонистонга тегмаслик'

Олег Кулаков Москва Ҳарбий Институтини битириб, Кобулга жўнатилганида 22 ёшда эди.

У 1980 йилда совет ва афғон ҳарбий қўмондонларига таржимон этиб бириктирилди.

Бироқ, воқеълик буткул бошқача эди. Идорадаги қоғозбозлик ва музокаралардан йироқда у беш йилни жанг майдони ўтказди, уч марта яраланди ва ниҳоят 1989 йилда Михаил Горбачев совет қўшинларининг қайтарилишини буюриши билан Афғонистонни тарк этди.

Ўша пайтлар, 1990-йилларда Афғонистон узоқ ўтмишдек туюларди. “У вақтлар ҳеч кимни Афғонистон қизиқтирмасди,” дейди у.

Лекин, ўн йил ўтиб, Афғонистон яна жанг майдонига айланар экан, Олек Кулаковнинг совет ишғоли қандай хатоларга йўл қўйгани борасидаги фикрлари кўпларни қизиқтириб қолди.

Ҳозирда Полковник Кулаков Римдаги НАТО Мудофаа Академияси ва Париждаги Ҳарбий Мактабда лекция ўқийдиган нуфузли таҳлилчидир.

Лекин, унга кўра, советлар 80-йилларда олган сабоқлар АҚШ бошчилигидаги иттифоқ Толибонга қарши уруш очганда кўп қўл келгани йўқ.

“Улар ҳам биз энг бошида қилган хатоларимизни қилишди. Гап шундаки, Афғонистонда агар хатога йўл қўйсангиз, уни тузатаман деб яна кўпроқ хатолар қилишдан бошқа иложингиз йўқ.”

Ўсаётган можаро

Совет ҳарбий таржимони ролида жаноб Кулаков кўп кунлар ва ойларни афғон қўмондонлари билан ўтказди. Улардан бири Шоҳ Наваз Танай эди. У кейинроқ Афғонистон миллий армиясининг раҳбари этиб тайинланди.

Иқтидорли ҳарбий қўмондон Танай 1990 йилда Президент Нажибуллони тўнтаришга уринди, лекин бунинг уддасидан чиқмай, Покистонга қочган.

Бу Олег Кулаковга афғон жамиятининг юқори қисми қандай иш юритириши тушуниб етишга ёрдам берди.

Жаноб Кулаковнинг айтишича, Афғонистондаги сиёсий ва ҳарбий кучларнинг мужмал дунёсини ташқаридан келган киши тушуниши қийин. Бу киши Ғарблик бўлса янада қийин.

У йиллар давом этган ҳарбий амалиётларга қарамай Афғонистондаги зиддиятнинг ҳал қилинишига ишонмайди.

“Зиддиятнинг ички структураси йиллар оша ўзгариб келган. Лекин зиддиятнинг ўзи ҳеч қачон ҳал қилинмаган", дейди у.

"Совет қўшинлари 1989 йилда чиқиб кетганида ҳам ўша ерда эди ва 2014 йилгача ҳам ҳал бўлади деб ўйламайман.”

Иккинчи план йўқ

Олег Кулаков 80-йилларда совет ҳарбий қўмондонлари нақадар боши берк кўчага кириб қолганларини эслайди.

Улар энг охирги совет танки афғон заминини тарк этишидан анча олдин чиқиб кетишни муҳокама қила бошлагандилар.

“Совет ҳарбийларининг ўрта ва юқори қатлами бу ишғол сиёсий хато бўлганини жуда тезда англаб етишди. Аммо, бу ҳақида гапира олишмасди, чунки коммунистик партия рухсат бермасди.”

“Лекин ҳаммаси кундек равшан эди. Совет Иттифоқи Афғонистонга қўшинларни киритиш билан ўз сиёсий қарашларини ўрнатишга уринган. Бироқ бундай бўлмади, ҳеч қачон бундай бўлмасди ҳам.”

Россиялик полковник айни ҳиссиётларни америкалик ҳарбийлар орасида кузатганини айтади.

Унга кўра, на Россия, ё на Америка ҳарбийларида муваффақиятга эришилмаган ҳолда қандай чора кўриш борасида иккинчи режа бўлган.

“Иккимиз ҳам ўзимизга кўп ишонганмиз. Йирик ва қудратли давлатлар бўла туриб оддий муаммоларни ҳал қилаяпмиз деб ўйлаганмиз.”

“Бу ўзига ишонч ҳисси шунчалар юқори эдики, совет қўмондонларида ҳам, НАТОда ҳам қандай чиқиб кетиш борасида стратегия бўлмаган. Улар бу стратегияни жанг майдонининг ўзида ишлаб чиқа бошлашди. Бу ҳам бир хато эди.”

Кўпроқ хорижий қўшинлар

Жаноб Кулаков бугунга келиб барча хорижий кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетишига вақт келганига ишонади. Лекин, муаммо шуки, афтида маҳаллий раҳбарлар ва сиёсатчилар бунга қаршилар.

“Маҳаллий ҳокимиятлар хорижий кучлар қолишини истайдилар ва ҳатто сонини ҳам кўпайишини хоҳлайдилар. Улар советлар кетганидан кейин буни соғиниб қолишган.”

“Улар учун хорижий ҳарбий қўшинлар жуда муҳим, чунки бу уларнинг ички муаммоларини ечишга ёрдам беради ва улар бу кучлар ҳомийлиги остидалар.”

Россия охирги Афғонистон можаросидан ўзини йироқ тутаётган бўлсада, уни НАТО чиқиб кетганидан кейин нималар бўлиши қизиқтиради.

“Россия учун ҳамма тарафлар мувозанатга эришган барқарор Афғонистонга керак,” дейди Полковник Кулаков.

“Лекин бу каби барқарорликка эришишнинг ягона йўли – Афғонистонга тегмаслик.”