Уч аёл Тинчлик бўйича Нобел мукофоти соҳиби бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Нобел Тинчлик мукофоти соҳибалари

Бу йилнинг Тинчлик бўйича Нобел мукофоти уч аёлга бўлиб берилган. Улар - Либерия Президенти Эллен Жонсон Сирлиф, либериялик Лийма Гбоуи ва яманлик Тавакул Карман.

Улар "аёллар хавфсизлиги ва ҳуқуқлари учун нозўравон йўллар билан курашгани ва тинчликка эришиш амалларидаги иштироклари" учун мукофотланганлар.

Сирлиф хоним Африкадаги биринчи сайланган аёл давлат раҳбаридир, Гбоуи хоним Либериянинг тинчлик фаолларидан, Карман хоним эса Яманнинг демократпараст ҳаракатидаги етакчи арбоблардан.

"Қачонки аёллар эркаклар даражасида жамиятнинг барча жабҳаларидаги тараққиётга таъсир қила олмас экан, биз демократия ва давомий тинчликка эриша олмаймиз," деб айтди Нобел Қўмитаси раиси Торбйорн Ягланд Ослода ўтган маросимда.

У ўз қўмитаси "ҳали ҳам кўп мамлакатларда учрайдиган аёлларнинг камситилишига якун ясаш ва демократия ва тинчлик йўлида аёлларнинг йирик салоҳиятини англаб етишга ёрдам" беришига умид қилишини айтди.

Араб баҳори

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Карман хоним ўз мукофотини яманликларга бағишлашини айтган

Карман хоним ўзига берилган мукофот ҳақида Санадаги Таҳрир майдонида эшитган.

У бир неча ойдирки Президент Али Абдулло Солиҳнинг истеъфосини талаб қилиб айни майдондаги чодирда яшаб келаяпти.

Уч фарзанднинг онаси бўлмиш Карман хоним Би-би-сига ўз мукофотини "араб баҳорида шаҳид бўлган ва яраланган барча инсонлар"га бағишлашини айтди.

"Кишансиз аёл журналистлар" ташкилотининг раҳбари бўлмиш Карман хоним ўз ҳуқуқ фаолияти учун бир неча бор қамалган.

Темир аёл

Етмиш икки ёшли Сирлиф хонимнинг Нобел мукофотини олиши аввалдан кенг башорат қилинганди.

У ўз мукофотини Либерия халқига бағишлашини, ва бу муокофот "адолат йўлидаги кўп йиллик кураш"ни тан олганини айтди.

Сирлиф хоним 2005 йилда Либериянинг 14 йиллик фуқаролар уруши ортидан сайланганди.

Image caption Либериянинг "темир аёли"

Фуқаролар уруши 250 минг либерияликни нобуд қилган ва минглаб либерияликларнинг хорижга қочишига сабаб бўлган.

Либериянинг "Темир аёл"и деб танилган Сирлиф хоним АҚШда таълим олган иқтисодчидир.

У уруш яраларининг битиши йўлида коррупцияга қарши курашиш ва президентлик лавозимига "она ҳиссиётлари"ни олиб келишга ваъда берган.

У аёллар ва кичик элита орасида катта ҳурматга эга, бироқ Либериянинг анъанавий эркаклар бошчилик қилувчи қатлами уни унча ҳуш кўрмайди.

Учинчи совриндор Гбоуи хоним Би-би-сига гапира туриб, "Менинг бошим қотиб қолди. 39 йил яшаган бўлсам, бу биринчи марта тилдан қолишим," деди.

"Бу жаҳондаги барча аёлларнинг ғалабаси. Уч аёл бу мукофотни ютишидан ҳам яхшироқ нарса бўлиши мумкинми?"

Уч аёл 1.5 миллион долларлик мукофотни бўлиб олишади.

Нобел мукофоти одатда тинчлик йўлида эришилган ютуқлар учун топширилади, бироқ охирги йилларда у тинчлик йўлида курашаётган инсонларни ҳам рағбатлантириш учун ўз номзодлари миқёсини кенгайтирган.