Ливия муваққат ҳукумати қўшинлари Сирт шаҳридаги асосий бинони қўлга киритганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Ливиянинг қудратдан кетказилган раҳбари Муаммар Қаддофийнинг она шаҳри Сирт учун жанг қилаётган Ливия Миллий Ўтиш даври Кенгаши кучлари шаҳар марказидаги анжуманлар саройи ва унинг атрофидаги хиёбонни қўлга киритганларини айтганлар.

Муваққат ҳукумат вакилларига кўра, Уагадогу конференция марказида жойлашиб олган қаддофийпараст кучларнинг бино атрофидан сиқиб чиқарилгани бутун Сирт шаҳри маркази устидан назоратни қўлга киритишга имкон яратади.

Аксилқаддофий жангчиларнинг Сиртда қақшатқич кўча жангларига киришганлари хабар қилинмоқда.

Муваққат ҳукумат расмийлари Уагадогу анжуманлар маркази биноси Сирт учун жангларда стратегик муҳим нуқта эканини айтадилар.

Ливия Миллий Ўтиш даври кенгаши кучлари Сирт шаҳри учун жангларнинг, уларнинг ўзларининг иборасича, "якуний босқичи"ни 7 октябр, жума куни бошлашган, улар Сирт тўла ўзларининг назоратига ўтганидан кейин Ливия тўла озод этилганини эълон қилмоқчилар.

Миллий Ўтиш даври кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалилнинг пойтахт Триполида айтишича, ҳозир Сиртда "шафқатсиз жанглар кечаяпти".

"Бугун бизнинг жангчиларимиз Сирт шаҳри марказида жойлашиб олган ва яширинаётган снайперларга қарши жанг қилмоқдалар", деб айтган Мустафо Абдул Жалил.

Охирги кунларда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган, юзлаб кишилар жароҳатланган.

Ҳужумлар туфайли шаҳар ичкарисидаги минглаб тинч фуқаролар ҳеч қаёққа чиқа олмай қолганлари хабар қилинади.

Имкон топган одамлар пиёда ва автомобилларда Сиртни тарк этишга уринмоқдалар, шаҳар ташқарисидаги текшириш нуқтасида муваққат ҳукумат жангчилари одамларни текшириб чиқармоқдалар.

Айни пайтда Британия Мудофаа вазири Лиам Фокс Триполига борган.

Британия мудофаа вазири айтишича, Сирт шаҳри устидан назоратни муваққат ҳукумат кучлари тўла қўлга олганларидан кейин ҳам НАТО ҳаво ҳужумлари тўхтатилмайди, "қаддофийпараст унсурларнинг Ливия халқига таҳдиди бартараф эитлмагунча, халқаро ҳарбий амалиётлар давом эттирилаверади".

"Қаддофий учун жанг қилаётганларга шуни айтамизки, ўйин тугади ва сизни Ливия халқи рад этди", деб айтган Британия Мудофаа вазири Лиам Фокс.