Украина маҳкамаси Юлия Тимошенкога қамоқ жазоси берди

Маҳкамада Юлия Тимошенко қизи ва турмуш ўртоғининг ёнида ўтирган Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Маҳкамада Юлия Тимошенко қизи ва турмуш ўртоғининг ёнида ўтирган

Укриана собиқ бош вазири Юлия Тимошенко 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Украина маҳкамаси ҳаками собиқ бош вазир Юлия Тимошенко 2009 йил Россия билан келишув имзолаётган пайт хизмат вазифасини суиистеъмол қилган дея ҳукм чиқарган.

Юлия Тимошенко эса, ўзига қўйилган айбловлар ортида сиёсий важлар тургани ва "сўнгги нафасигача" Украина демократияси учун курашишини айтган.

Тимошенко хонимнинг маҳкама ташқарисида тўпланаётган тарафдорлари ва мухолифларини назорат қилиш учун махсус полиция кучлари жойлаштирилган.

Ахборот агентликларининг хабар қилишларича, икки ўртада кичик жанжаллар келиб чиққан, бироқ йирик тўқнашувлар кузатилмаган.

Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи Тимошенко хонимга қарши айбловларни қоралаб чиқишганди.

Оврўпо Иттифоқи Юлия Тимошенкога чиқарилган ҳукмдан ўта хафсаласи пир бўлганини айтган. Ташқи масалалар бўйича расмий Кэтрин Аштонга кўра, ҳукм Украинанинг Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорликка оид келишувга эришиш саъй-ҳаракатларига қаттиқ таъсир кўрсатади.

Аммо, собиқ президент ва бир пайтлардаги иттифоқчиси Виктор Юшченко ҳамда бошқалар унга қарши гувоҳлик беришган.

Россиянинг Ғарбий Оврўпога борувчи газ қувурлари Украина ҳудудидан ўтади ва икки собиқ Шўро республикаси ўртасидаги муносабатларда транзит тўловлари ва қарзлар боис узоқ вақт танглик кузатилганди.

'Мени ҳеч ким бадном қилолмайди'

Юлия Тимошенкога қўйилган айбловлар асосан унинг Украина бош вазири бўлган йилларидаги фаолияти билан боғлиқ.

Норинж инқилоби собиқ раҳбари 2009 йил Россия билан газ бўйича музокаралар пайти ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланади. Танқидчилар бу Украинанинг зарарига бўлганини айтишади.

Хусусан, Тимошенко хонимга қарши қўли остида бўлган ширкатларнинг Россиядан Украина учун табиий газни қиммат нархда сотиб олгани, мамлакат учун тез тиббий ёрдам машиналари нархи оширилган ҳолда харид қилингани ва зарарли газларни камайтириш учун Киото битими бўйича Украинага берилган маблағларни ноқонуний сарфлаш айбловлари илгари сурилган.

Судга нисбатан ҳурматсизлик қилгани учун дея 5-августдан бери қамоқда қолаётган Тимошенко хоним ўзига нисбатан айбловларни рад этади.

Ҳукм ўқилишидан олдин пойтахт Киевдаги Печёрский маҳкамасига етиб келаркан, Тимошенко хоним: "Жуда яхши биласиз, ҳукм ҳакам (Родион) Кириев эмас, балки Президент (Виктор) Янукович тарафидан ўқилади", деб айтган. "Қанақа ҳукм ўқилишидан қатъий назар, менинг курашим давом этади. Януковия тарафидан ёзилган ушбу ҳукм менинг ҳаётим ва курашимда ҳеч нарсани ўзгартирмайди", дея хитоб қилган Украина собиқ бош вазири.

Ҳукмни ўқиларкан, ҳакам Тимошенко хоним газ келишувлари пайти ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганлигини айтди, аммо бу унинг айбдор деб топилиши ва ё жазога тортилишини англатадими-йўқлигини тушунтирмади.

У ҳамон ўз хулосаларини эълон қилишда давом этмоқда. Мухбирларга кўра, мазкур жараён бир неча соат давом этиши мумкин.

Танаффус пайти Тимошенко хоним журналистларга баёнот берган. Баёнотда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Хелсинки гуруҳи унга нисбатан айбловларни сиёсий важларга асосланган деб топгани қайд этилади.

У: "Менинг тоза номимни ҳеч ким бадном қила олмайди", дейди у.

Юлия Тимошенко Украинадаги вазиятни Шўролар Иттифоқининг 1937 йили, Станлин қатағонлари даврига қиёслаган.