Британияда ишсизлик охирги 17 йил мобайнида энг юқори даражага чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Янги чоп этилган рақамларга кўра, Британияда ишсизлик охирги 17 йил мобайнида энг юқори даржага чиқди.

Британияда чоп этилган расмий рақамларга кўра, мамлакатда ишсизлар сони 2.57 миллион кишига етиб, охирги 17 йил мобайнида энг юқори даражага чиқди.

Миллий Статистика Бошқармасига кўра, бу ишсизлик даражасининг 8.1 фоизга ўсганлигини англатади.

16 дан 21 ёша қадар бўлган ёшлар орасидаги ишсизлик эса 21.3 фоизни ташкил қилар экан.

Ёши 65 дан юқори бўлиб ҳануз ишлаётганлар сони ҳам камайганлиги кузатилган.

Британия Меҳнат вазири Крис Грейлингнинг айтишича, бу ҳолат халқаро молиявий инқирознинг таъсиридир.

Унга кўра, Британия "евро зонасига" кирмаган бўлса ҳам, Юнонистон каби давлатлар юз тутаётган муаммолардан ҳоли эмас.

Британия ҳукуматининг бюджет харажатларни қисқартириш чоралари ҳам ишсизликнинг ўсишига олиб келаётган омиллрадан бири сифатида кўрилмоқда. Иқтисодчиларга кўра, бу чоралар мамлакат иқтисоди ўсишининг йўлида тўсиқ бўлмоқда.

Аммо меҳнат вазирининг айтишича, охирги йил мобайнида Британияда давлат секторида йўқотилган иш ўринларига тенг равишда шахсий секторда иш ўринлари яратилган.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, иш ўринларининг йўқотилиши асосан тўлиқ иш ставкасига эга бўлмаганлар ҳисобидан юз берган. Тўлиқ контракт бўйича ишлаётганлар сони эса, атиги 2 мингга камайган.

Бошқалар эса, қандай бўлмасин ишсизлар сони борасидаги янги рақамлар "даҳшатли" эканлигини айтмоқдалар.