Россияда ҳушёрхоналар фаолияти тугатилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Маст бўлиб қолганларни ҳушига келтириш билан энди Россия полицияси шуғулланмайди.

Россияда йиллар мобайнида алкогол ичимликлар таъсирига тушиб қолганларни ҳушига келтириш билан шуғулланган милиция бўлимлари - ҳушёрхоналар фаолиятига чек қўйилмоқда.

Россия полициясида ўтказилаётган ислоҳотларга кўра, эндиликда кўча-куйда маст бўлиб ётганларни ҳушларига келтириш масуълияти полиция бўйнида бўлмайди.

Россиядаги охирги ҳушёрхона бугун Москва шаҳрида расман ёпилмоқда.

Шўролар даврида ҳушёрхоналар бутун мамлакат бўйлаб кўплаб мавжуд эди.

Кичик қамоқхона шаклида ташкил этилган бу марказлар маст бўлиб қолганларнинг ўзларига келгунларига қадар ушлаб туриш билан шуғулланаларди.

Баъзилар учун шунчаки бир ухлаб туриш имкони яратилган бўлса, бошқалар учун турли дармон дорилар берилган.

Лекин уларнинг ҳаммаси озодликка чиқарилишидан аввал жаримага тортилардилар.

Иосиф Сталин даврида ушбу марказлар ҳатто Давлат Хавфсизлик Қўмитаси томонидан бошқарилганди.

Кейинчалик ҳушёрхоналар устидан масуълиятни милиция ўз бўйнига олди.

Лекин Россия полициясида ўтказилаётган охирги ислоҳотлага кўра, эндиликда полиция зобитлари фуқароларнинг ҳушёр бўлишлари учун жавобгар бўлмайдилар.

Эндиликда бу билан Соғлиқни сақлаш тизими, яъни шифохоналар шуғулланади.

Аммо шифокорлар бўйниларига келиб тушган бу янги вазифадан ҳушнуд эмаслар, касалларга тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзи улкан вазифа эканлигини айтадилар.

Россия бўйлаб ҳушёрхоналар йўқолаётгандир, лекин алкогол ичимликларга берилиш муаммоси йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Шу ҳафта мамлакат Бош наркоглоги аҳолининг 30 фоизи алкогол ичимликларга муккасидан берилганлиги ҳақида огоҳ билан чиққанди.