'АҚШдаги Саудия элчиси жонига суиқасд режалари фош қилинди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мансур Арбобсиёр АҚШдаги Саудия элчисининг жонига суиқасд режаларига алоқадор кўрилиб, ҳибсга олинган.

АҚШ расмийларининг билдиришларича, Эронга алоқаси бор шахслар томонидан Саудия Арабистони элчисига қарши суиқасд режалари фош этилди.

Эрон Инқилоб Қўриқчилари томонидан бошқарилган, дея айтилаётган суиқасд режасига алоқадорликда гумон қилиниб икки эронлик шахсга айбловлар қўйилган.

Эрон бу айбловларни сохта ва асоссиз, дея рад этган.

АҚШ Бош Прокурорига кўра, бу режада Эроннинг тўғридан -тўғри қўли бордир.

Унинг айтишича, суиқасд Эронда режаланган, молияланган ва ўша ердан бошқарилган.

"Бу икки шахсни ушбу жиноятда айбдорликда гумон қилиш билан бирга АҚШ Эронни ҳам бу амалларда жавобгар кўради", деди АҚШ Бош Прокурори.

АҚШ Давлат Котибаси Хиллари Клинтон халқаро иттифоқчилар билан маслаҳатлашиб, Эронга қатъий огоҳ бериш йўллари кўриб чиқилиши ҳақида айтди.

Аммо АҚШ расмийлари ҳарбий амаллар назарда тутилмаётганлигини билдирганалар.

Суиқасдга алоқадор кўрилаётган икки шахс ҳам АҚШ ва ҳам Эрон фуқаролигига эга 56 ёшли Мансур Арбобсиёр ва Эрон Инқилоб Қўриқчилари бўлинмаси кўрилган Қудс Кучлари гуруҳига аъзо Ғулом Шакурилардир.

Мансур Арбобсиёр 29 сентябр куни Ню Йорк қўналғасида ҳисбга олинган.

Ғулом Шакурининг эса ҳозирда Эронда эканлиги маълум қилинган.

Америка расмийларига кўра, 2011 йил 24 март куни Мансур Арбобсиёр ўзини Мексикалик гиёҳванд моддалар савдогари, дея таништирган шахс билан учрашади.

Келгуси бир неча учрашув мобайнида Эрон ҳукумати томонидан АҚШдаги Саудия Арабистони элчисини ўлдириш учун 1.5 миллион доллар маблағ ажратилгани тафсилотлари маълум бўлади.

Терговчилар томонидан яширинча ёзиб олинган суҳбатда айтилишича, дастлаб элчихонани нишонга олиш режаланган бўлсада, кейинчалик, элчини ресторанлардан бирида ўлдириш эҳтимоли кўриб чиқилади.

Қурол сифатида портловчи ускунадан фойдаланиш кўзда тутилган.

Арбобсиёр ва Шакурига ҳозирда расман хориж расмийсини ўлдиришни режалаш, ноқонунуий равишда қурол-яроғга эгалик қилиш ва халқаро террор амалани режалашда айбловлар илгари сурилди.

Эрон расмийлари ушбу айбловларни "ташвиқот кампанияси ва Америка томонидан уюштирилган комедия", дея рад этиб келмоқдалар.