“Хьюман Райтс Вотч” Ҳилари Суонк ва Жан Клод Ван Дамни танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг туғилган кунида иштирок этганликлари учун танқид қиларкан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи халқаро ташкилот Ҳолливуд юлдузларини унинг пулидан ҳам, ҳадясидан ҳам воз кечишга чақирди.

“Хьюман Райтс Вотч” чечен расмийларини инсон ҳуқуқларини оёқ-ости қилганликда ботма-бот танқид қилиб келади.

5 октябр - Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг туғилган куни пойтахт Грознийда Шаҳар куни сифатида ҳам нишонланганди.

Қўшалоқ сана муносабати билан уюштирилган тантаналарда бошқа меҳмонлар қатори британиялик машҳур скрипкачи Ванесса Мей, Ҳолливуд юлдузларидан Жан-Клод Ван Дам, икки карра Оскар мукофоти соҳибаси Ҳилари Суонк ва англиялик хонанда Сил(Seal)лар ҳам иштирок этишганди.

Бундан ташқари, Россия ва МДҲ давлатларидан ҳам София Ротару, Руслана, Федор Бондарчук, Игорь Верник, Сергей Безруков каби қатор таниқли инсонлар ҳам ташриф буюришганди.

"Аллоҳ беради"

Шуниси ҳам борки, тантаналар баҳона Чеченистонга келган юлдузлар маҳаллий расмийларнинг иккита чечен урушидан сўнг пойтахт Грознийни қайта тиклашдаги муваффақиятларини ошкора эътироф этишганди.

Дейлик, Ҳолливуд юлдузи Жан Клод Ван Дам тантаналар чоғида, “кўрган-кечирганлари, шунча қонли урушлар, низолар ва можаролардан сўнг халқни бирлаштириб, Чеченистон Республикасининг қайта оёққа қўйилганидан ҳайратда экани”ни ошкора баён қилганди.

Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари Чеченистон масаласида Ҳолливуд юлдузларидек умидбахш эмаслар.

Фаолларга кўра, “агар юлдузлар чечен раҳбарининг базмида иштирок этганликлари учун ундан пул оладиган бўлишса, бу – ҳуқуқлари топталган саноқсиз жабрдийдаларнинг азобларини босиб кетади”.

“Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг баёнотида ўзларининг Рамзан Қодировнинг туғилган кунидан беш кун аввал юлдузларга очиқ мактуб йўллаб, уларни Грознийга бориш ниятларидан қайтаришга бўлган уринишлари бесамар кетгани ҳам айтилади.

Баёнотда, яна шунингдек, жаҳон миқёсида танилган шахсларнинг Чеченистон президентининг зиёфатида қатнашишлари “унинг авторитар бошқарувини реклама қилиш сифатида қабул қилиниши мумкинлиги” билан ҳам огоҳлантирилганди.

35 ёшли Рамзан Қодиров Чеченистонни отасининг ўлими ортидан, яъни 2007 йилдан буён бошқариб келади.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари уни Чеченистонни исломлаштириш ва эркинликларни чеклаётганликда муттасил танқид қилиб келишади.

Туғилган кунида, “Шунча тантана учун пулни қаердан олиши” ҳақида сўрашганида эса, чечен раҳбари, “ўзига Аллоҳ бериши”ни айтиб, жавоб берганди.