Саёҳатимиз ҳам тугади ёки хайр, Ҳессен Федерал, хайр, дўстларим...

2 - ҳикоя

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bucher

5 – кун

Душанба. Мен Олмониядаги Ҳессен Федерал ўлкасининг нима учун бу қадар серқирра, ранг-баранг рангларга тўла экани сабабини секин-аста тушуна бошладим. Бу ерда энг муҳим – одамлар учун иш бор. Демакки, маош бор. Қаерда иқтисод яхши экан, ўша ерда ҳаёт бор. Мана, бугун ҳам дастуримизда OPEL машина ишлаб чиқарувчи корхонанинг илмий ғояларини ривожлантириш марказига сафар қилиш кўзда тутилган. Марказга борганимизда эса, бизга, ҳатто, 2011 йилнинг ноябр ойида жаҳон авто бозорига чиқариш режаланган Opel Ampera русумидаги янги электрон машинани ҳайдаб, синаб кўришга ҳам рухсат беришди. Бу электрон машина 42.900 еврога баҳоланган. Жаҳон авто бозорида янги йўналиш очадиган машина. Роса ҳавасим келди. Қанийди, битта шунақа машинанг бўлса...

Ундан сўнг Майн шаҳар ҳокими жаноб Бютел билан учрашдик. У ерда менга асосан кўп амалдорларининг самимийлиги ёқди. Ҳеч қайсисининг бурни кўтрилмаган. Ҳақиқий халқ ичидан чиққан одамлар. Кечқурунги учрашувни эса, мен дастурни кўрганимдан бери кутаман. Яъни, Олмониянинг ZDF телеканали билан танишув ва ZDF Wiso жонлик илмий дастурида қатнашиш. Журналист сифатида мени уларнинг қай тарзда ишлашлари қизиқтиради. Кутганимдек, ҳаммаси аъло даражада. Жонли кўрсатувда ғурур билан қатнашдим. Чунки мен бу кўрсатувни баъзида уйда ўтириб, томоша қилардим. Лекин телебошловчининг сақич чайнаб, кўрсатув вақтида буни қандай сездирмаслигини кўриб, қойил қолдим. Меҳмонхонага қайтишда ҳаммамизга 10 евродан тарқатишди. Ташкилотчиларимиздан бири жаноб Блам, айниқса, буни хурсандчилик билан бажарди. “Бу пул кечки овқатингиз учун”, дея алоҳида таъкидлади у. Ҳаммамиз бир овоздан, “Danke”, дедик. Яъни, ўзбекчасига айтганда, бу – раҳмат дегани. Аммо биз қизлар эса, автобусдан тушганимиз заҳоти дўконларга қараб югурдик.

6 – кун

Сешанба. Бу кундалик дафтарга ҳар кун нимадир ёзиш менга завқ бағишлаяпти. Чунки ҳеч қайси бир кун иккинчисини такрорламайди. Ҳар бир кун ўзгача. Бугун, мана, Франкфурт аэропортининг ички қисмига сайр, кейин Hoechst Industriya паркида учрашув, Идштайн шаҳридаги дунёга машҳур “Фрезениус” институти профессорлари билан учрашув ва кун охирида ҳомийлар билан кечки овқат...Тан олиш керак, ташкилотчиларнинг ўзлари ҳам бу йилги дастурлари янги бўлгани учун, айрим хатоларга йўл қўйилганини тан олишди. Яъни, бир кунлик дастур доирасида жуда кўп учрашувлар уюштирилган экан. Ҳаммаси жуда қизиқ, ҳаммаси жуда зўр, фақат...бир кунда беш жойга боришга жисмоний жиҳатдан одам ожизлик қилиб қоларкан. Аммо кейинги йилги дастурда бу хатолар бўлмаслиги ҳам айтилди. “Ҳа-ааа, бўлажак иштирокчиларга биздан кўра осонроқ бўларкан,..” дедим, фақат ичимда. Бугун мени тўлқинлантиргани – аэропорт ва Идштайн шаҳридаги институтга қилган сафаримиз бўлди. Улкан аэробуслар шундоққина кўз ўнгингизда учиб-қўнади,..кичкинагина бир шаҳарчада эса, донғи бутун жаҳонга кетган олий ўқув юртининг борлиги. Ҳа, яна бир нарсани айтишни унутибман – ҳомийлар билан кечки овқат маҳали Моника деган дугонамизнинг кайфи ошиб қолгани ҳам анча кулгуга сабаб бўлди.

7 - кун

Чоршанба. Бугунги кун – менинг илмий салоҳиятим янада ошадиган кун. Бугунги дастурда Гёте университетида бир эмас, иккита давра суҳбати, Олмон миллий кутубхонасига ташриф ва HR (Hessische Rundfunk), яъни вилоят телевидениеси билан танишув.

Университетдаги биринчи давра суҳбатидан кейин биз кутубхонага йўл олдик. Кутубхона кутубхона-да, нима қизиғи бор, деб ўйлашингиз ҳам мумкин. Йўқ, китобни буюртма қилгандан кейинги жараён жуда қизиқ экан. Ҳаммаси техникалаштирилган.

Айниқса, кутубхонанинг архивида сақланувчи мактублар, китобларнинг баҳоси тенгсиз...Уларнинг орасида Альберт Эйнштейн, Зигмунд Фрейд, Томас Манн каби тарихда из қолдирган олмониялик атоқли шахсларнинг шахсий хатлари, Иккинчи Жаҳон уруши вақтида фашизмга қарши тарғибот руҳида ёзилган пудинг ёки шоколад қоғози шаклидаги мактублари...

Яҳудийларнинг уруш давридаги паспортлари (J белгиси остида). Тарих учун бебаҳо буюмлар. Ёки уруш даврида Америкадан иммиграция қилган олмонларнинг шахсий буюмлари билан қайтарилган бус-бутун жомадонлари. Буларни кўрарканман, вақт қандай тез ўтиши ҳақида ўйладим. 70-80 йиллик тарихга гувоҳ бўлиб турарканмиз, бундан кейин ҳам яна шунча йилнинг қушдек учиб ўтиши қанчалар осон...

8 – кун

Пайшанба. Бугун мен физик ёки астронавтга айланаман. Чунки бугун биз Дармштадтдаги оғир (оғир, чунки тилла ёки платина) ионлар тадқиқ қилинадиган илмий институтга, Оврўпо Фазо Агентлигига ва Дармштадт шаҳрига борамиз. Физика мен ўйлаганчалик зерикарли эмас экан. Бизга институт ва у ерда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳақида маълумот берган ёш илмий ходим шунчалик қизиқарли қилиб гапирардики, ҳатто, мен ҳам унинг сўзларига маҳлиё бўлиб қолдим. Мен ва физика – ҳммм, тўғрисини айтганда, фақат баҳо учун ўқиганман мактабда, бекор экан! Худди шу институтда ионларни лазер нурлари орқали аниқ йўналишда юбориб, мия саратонининг олди олинибди. Ушбу усул синаб кўрилган 950 та беморнинг 95 фоизида шиш йўқолган эмиш. Буни мўъжиза деб атаса ҳам бўлади.

Дармштадт шаҳрида бизни шаҳар ҳокими жаноб Партч велосипедда кутиб олди. Буни қарангки, шаҳар ҳокими теварак-муҳит тозалигини тарғиб этиш мақсадида велосипед ҳайдаб ишга келаркан. Бунинг турган-битгани тежамкорлик ва камтарлик, дейишдан бошқа иложингиз қолмайди.

Оврўпо Фазо Агентлигида эса, коинотга юборилган сунъий йўлдошлар ҳақида кўп қизиқ фактларни билиб олдик. Агентлик томонидан учирилаётган “Планк” сунъий йўлдошининг Ерни айланиб чиқаётгани ва мен учун янгилик, Ер куррасининг дум-думалоқ эмас, сал картошкага ўхшаган шаклда эканини кўрдик.

9 – кун

Жума. Бугун сўнгги кунимиз. Бугун биз FAZ(Frankfurter Allgemeine Zeitung) таҳририятига борамиз. Ушбу газета ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Дунё бўйлаб ўз овозига, ўрнига эга газета. Газетанинг муҳаррирларидан бири жаноб Линдингер билан суҳбатимиз узоқ бўлди. Ахир ҳаммамиз журналистмиз, саволлар саноқсиз, вақт эса, афсус, чегараланган эди. Бугуннинг кечки оқшомида Франкфурт аэропортининг Форумлар залида бўлиб ўтган ёпилиш маросимини мен анча йиллар унутмасам керак. 5 кишидан бўлиниб, хайрлашув тадбирини тайёрладик.

Гуруҳлар ўртасида танлов эълон қилинди. Ҳар бир гуруҳ жудаям қизиқарли бир тарзда ҳикоя қилиб беришди. Айниқса, беларуслик ҳамкасбим Илья бошқарган гуруҳнинг чиқиши ҳаммага ёқди. Мен ҳам кўпдан бери бундай мазза қилиб кулмаган эдим. “Шолғом ҳақидаги эртак”ни Франкфурт билан уйғунлаштириб, саҳна чиқиши тайёрлашибди. Улар ғолиб бўлишди. Бу – арзийдиган ғалаба эди. Бизнинг гуруҳимиз 2-ўринни эгаллади. Биз ўз ҳикоямизни ифодалашда кроссворд шаклидан фойдаландик. Томошабинларни ҳам саҳнага жалб қилдик. Ғолиб чиққан томошабинга гуруҳимиз номидан мен Шаҳрисабздан олиб келган миллий кашталар урилган сумкани совға қилдик. Кеча зўр ўтди. Биз ҳам хурсанд ва ҳам хафа эдик. Чунки эртага ҳамма ўз юртига қайтади. Бир-биримизни яна кўриш насиб этармикан?...

10 - кун

Эрталаб FrankfurtRheinMain уюшмасида хайрлашув йиғинига йиғилдик. Баъзи ўртоқларимиз аллақачон орамизда кўринишмасди. Мексикалик Хуаннинг учоғи эрта кетаркан, беларуслик Илья ҳам ана йўлга тушмоқда. Ҳамма хайрлашяпти. Хорватиялик Анна кўз ёшларини яшира олмайди. Қолганлар ҳам ғамгин. Бундан ажойиб, лекин қисқа учрашувлар бизларни – дунёнинг 17 давлатидан бўлган журналистларни бир-бирига анчайин яқин қилиб қўйган эди. Хайр, дўстларим, хайр, Олмония...

Тамом