Яман: ал-Қоиданинг баланд мартабали жангчиси ҳалок этилди

Анвар ал-Авлакий
Image caption Америкада таваллуд топган Анвар ал-Авлакий ал-Қоиданинг энг кўзга кўринган раҳбарларидан бири ҳисобланарди

Яман расмийларига кўра, ал-Қоида тармоғининг бир неча жангчиси Яман жанубидаги Шавба вилоятида жума куни ўтказилган ҳаво амалиёти натижасида ҳалок этилган.

Расмийлар қурбонлар орасида тармоқнинг жамоатчилик билан алоқалар учун масъули, мисрлик Иброҳим ал-Банна ҳам бўлганига ишонишларини айтганлар.

Бироқ ҳаво амалиёти борасида қўшимча маълумот берилмаган.

Баъзи хабарларда ҳужум АҚШнинг масофадан туриб идора этилувчи учоқлари - дронлар томонидан амалга оширилгани айтилган бўлса, бошқаларида ҳужум Яман армияси учоқлари томонидан содир этилгани таъкидланади.

Яман Мудофаа вазирлиги ҳужум маҳаллий кучлар томонидан амалга оширилганини маълум қилган. Унга кўра, бир снаряд бориб масжидга урилган.

Вазирлик "Яман ичкариси ва ташқарисида" ҳужумлар режалаштиргани учун халқаро қидирувда бўлган Иброҳим ал-Баннани тармоқнинг "энг хавфли аъзоларидан бири" дея номлаган.

Шавба вилоятидаги маҳаллий мулозимлардан бири эса ҳужум АҚШ учоқлари томонидан содир этилганини айтган. Қўшма Штатлар ҳужум борасида ҳозирга қадар ҳеч қандай изоҳ бергани йўқ.

Аммо Америка Ямандаги ал-Қоида тармоғини яксон этишни ўзининг асосий мақсадларидан бирига айлантирган.

Ўтган ой тармоқнинг Ямандаги раҳбарларидан бири Анвар ал-Авлакий АҚШ дронлари ҳужуми қурбони бўлганди.

Қўшма Штатларда таваллуд топган Анвар ал-Авлакий ал-Қоида учун аъзолар ёллашда асосий шахслардан бири бўлган.

Ал-Қоида ал-Авлакий ўлими учун интиқом олишини эълон қилиши ортидан, Қўшма Штатлар ўз фуқароларини эҳтиёткорликка чақирганди.

Иброҳим ал-Банна ҳақида кўп нарса маълум эмас, бироқ у, баъзи хабарларга кўра, тармоқнинг ғоявий раҳбарларидан бири бўлган.

Ўтган йил январида ҳам Иброҳим ал-Баннанинг ўлганига оид хабар тарқалганди. Бироқ ўшанда ал-Қоида мазкур хабарни рад этганди.

Баъзи манбаларга кўра, жума кунги ҳужумда Анвар ал-Авлакийнинг ўғилларидан бири - Абдурраҳмон Анвар ал Авлакий ҳалок этилган, бироқ мазкур хабар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.

Рейтер хабар агентлигининг маълум қилишича, жангарилар ҳужумдан кўп ўтмай Маариб вилоятидан Араб денгизидаги Белҳафга борувчи газ қувурини портлатиб юборганлар.

Араб ярим оролидаги ал-Қоида тармоғи Ямандаги сиёсий бўҳрондан фойдаланиб, мамлакат жанубидаги бир неча шаҳарни ўз назорати остига олган.

Яманда саккиз ойдан буён президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳокимиятига қарши кўча намойишлари давом этмоқда.

Оқ Уй жаноб Солиҳдан истеъфога чиқишни талаб қилган.

Яман расмийлари эса Американи у билан ҳамкорлик қилувчи шахсларни ҳурмат қилмасликда айблаганлар.