Сўнгги янгиланиш 16 октябр 2011 - 11:48 GMT

Иқтисод

Дунё бўйлаб молия тизимларидан норозиликлар давом этмоқда

Иқтисодий қийинчиликлар, намойишчилар таъбирича, йирик ширкатлар "очкўзлиги" ҳамда молиявий тизимлар бошқарувидаги ноқисликларга қарши норозиликлар бутун дунё бўйлаб иккинчи кундирки, давом этмоқда.

Аукланддан тортиб Торонтогача намойишчилар тунни чодирларда ўтказишган. Улар сиёсатчилардан аҳволни ўнглаш йўлида зарурий қадамларни ташлашга чақиришмоқда.

Намойишлар Американинг қатор шаҳарчаларида кечган. Нью Йоркдаги Таймс Хиёбонида полиция 70дан ортиқ одамни ҳибсга олган.

"Уолл Стритни ишғол қил" деб номланган норозилик чиқиши иштирокчилари хиёбондаги пиёдалар йўлакчасини тўсиб қўйишган.

Нью Йорклик намойишчилар кўчаларга чиқишлари ортида сабабларни шундай изоҳлашади:

"Биз бу ерга бир фуқаро ўлароқ келдик. Тизимдан хавфсаласи пир бўлган бошқа одамлар билан сўзлашиш ва улар ҳақида билиш учун кўчаларга чиқдик", дейди намойишчилардан бири.

"Камбағал одам ҳеч нарса қилолмайди, фақат чиқиб, ўз қарашларини баён қилиши мумкин. Уларнинг пуллари йўқ, банклар олиб қўйган", дейди бошқа бир намойишчи.

Зўравонликлар


Италия пойтахти Римда тинч намойишлар зўравонликларга айланаркан, камида 70 киши тан жароҳати олган.

Шанба куни автомашиналар ёқиб юборилган, дўконларга ҳужум қилинган.

Маҳаллий аҳоли зўравонликларни қоралган: "Мен мана бу уйда яшайман. Улар бунга ўт қўйишди. Намойишлар пайти мен болалар билан ичкарида эдим. Биз бутун ўт ичида қолгандик. Ўт ўчирувчиларни чақирсак, улар бизгача етиб келолмасликларини айтишди. Аммо, улар охирида бизни қутқаришди", дейди у.

Бош вазир Силвио Берлусконий зўравонликни "хавотирли ишора" дея таърифлаган ва бунга масъуллар "топиб, жазоланиши шарт"лигини айтган.

Рим мэри зўравонликларда бутун Италиядан ва эҳтимолки, бутун Оврўподан келиб, намойишчилар орасига кириб олган "бир неча минг каллакесарлар"ни айблаган.

Намойишлар бутун дунё бўйлаб кечмоқда

Испания пойтахти Мадридда кечган йирик чиқишлар кўпроқ байрамона руҳда ўтган. Би-би-си мухбири Сара Рейнсфорднинг хабар қилишича, пойтахт марказий хиёбонида ўн минглаб одамлар тўпланишган.

Улар орасида турли авлод вакиллари, нафақахўрлардан тортиб, болаларгача, кўплаб ишсиз ёшлар борлиги айтилади.

Португалия пойтахти Лиссабон шаҳридаги юришларга 20, 000 киши иштирок этган. Опорто шаҳрида ҳам қарийб шунча сондаги одамлар кўчаларга чиқишган.

Юнонистон пойтахти Афинадаги парламент биноси ташқарисида 2 мингга яқин одам норозилик чиқишлари ўтказган.

Лондондаги намойишларда камида 1000га яқин одам иштирок этган. 500га яқин намойишчи Авлиё Пётр черкови ташқарисида тунаган.

Айни пайтда Осиёнинг ҳам қатор шаҳарларида норозилик намойишлари ўтказилгани хабар қилинади.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.