Британия бандаргоҳ ва аэропортларида юзлаб болалар ушлаб турилади

муҳожир афғон ўспиринлари
Image caption Британияда 4200 дан ортиқ балоғатга етмаган бошпана изловчи бор

Британия ҳукумати болаларни Миграция Марказларида ушлаб туришга нуқта қўйишини айтган.

Аммо бу ваъда портлар ва аэропортларни қамраб олмайди.

Маълумот эркинлигига оид қонун чорчўбасида чиқарилган рақамларга кўра, жорий йилнинг май ва август ойлари ичида Довер бандаргоҳи, Ҳитроу, Гатвик ва Станстед аэропортларида ёши 18 дан паст бўлган 697 бола ҳибсга олинган.

Уларнинг чорак қисмидан кўпроғи якка саёҳат қилаётган бўлган.

Болалар Жамияти ҳисоботида таъкидланишича, шу тариқа ҳар йили Британия бўйлаб икки мингдан кўпроқ бола тутилади.

Британия Ички ишлар вазирлигининг айтишича, болалар, шахси аниқлангунга қадар, нари борса 24 соатга қадар ушлаб турилади.

Аммо қамоқхоналар бўйича катта нозир ушбу тажриба юзасидан ўз хавотирларини изҳор этган.

"Биз Британия жануби-ғарбида ҳаддан зиёд болаларнинг ушлаб турилганидан даҳшатга тушдик ва ҳукумат ўз ваъдасини бажара олмаганидан жуда ранжидик. Ҳибсга олишлар Ички ишлар вазирлиги томонидан назорат этилмагани хавотирларни уйғотади," - деб айтган Британия Болалар Жамиятининг бошлиғи Боб Рэйтмейер. У Британия Ички ишлар вазирлигидан мазкур ҳолат бўйича текширув бошлашни талаб қилган.

Болалар Жамияти чиқарган ҳисоботда ушлаб турилган болалар миллати ва қайси мамлакат фуқароси эканига оид маълумотни бермаган, бироқ Британияга якка ўзи келадиганларнинг деярли ярмини афғонистонлик ўспиринлар ташкил этади.

Британиянинг нуфузли - "Гардиан" газетаси чоп этган мақолага кўра, Британия Чегара Агентлиги якка ўзлари Британияга келиб, бошпана сўраган афғон ўспиринлари учун Афғонистонда "реинтеграция марказларини" очиш ниятида.

"Гардиан"нинг таъкидлашича, қиймати 4 миллион фунт стерлингга тенг айни марказни очиш билан Британия афғонистонлик балоғатга етмаган болаларни ватанларига қайтариб юбориш имконига эга бўлади.