АҚШ Давлат Котиби Хиллари Клинтон Ливияга сафар қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption АҚШ Давлат Котибининг Триполига сафари аввалдан эълон қилинмаганди.

АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон Ливия халқига бирдамлик изҳор қилиш учун Триполига сафар билан келди.

Хавфсизлик борасидаги хавотирлар туфайли сафар аввалдан эълон қилинмаганди.

Клинтон хоним Триполида атиги бир неча соат бўлди.

АҚШ расмийси Ливия Ўтиш Кенгаши раиси Мустафо Абдулжалил, Бош вазир Маҳмуд Жибрил ва Молия вазири Али Тарғунийлар билан музокаралар ўтказди.

Шунингдек, Триполи шаҳри маъмурияти биносида аёллар, ёшлар ва фуқаро жамияти вакиллари билан ҳам учрашув режаланган.

Клинтон хонимнинг сафари Ливия халқига бирдамлик изҳор қилиш билан бирга, мамлакатнинг янги раҳбарияти билан алоқалар пойдеворини барпо этиш йўлида хизмат қилиши айтилмоқда.

Хиллари Клинтон Триполига Малта орқали учиб келди.

Малтада АҚШ Давлат Котиби расмийлар билан учрашиб, Ливиядаги вазиятни ҳал этишда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди.

Малта Ливияга иноснпарварлик ёрдами етказиш ва мамлакатдан хорижий фуқароларни олиб чиқишда муҳим рол ўйнаганди.

Айни вақтда полковник Қаддофийнинг она шаҳри бўлмиш Сирт атрофида ҳануз қуролли тўқнашувлар давом этаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.