ЎИҲ Панжшердаги худкушлик ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангчилари
Image caption Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Қўшма Штатлар томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўтган ҳафта шимолий Панжшир вилоятида уюштирилган худкушлик ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Афғонистоннинг нисбатан тинч ушбу вилоятида ўтган ўн йил ичида илк бор уюштирилган ҳужумда икки киши қурбон бўлганди.

Ҳужумдан қисқа вақт ўтмай, Толибон бу - ўзининг иши эканини даъво қилиб чиққанди.

Аммо энди Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бу хусусда интернет орқали баёнот тарқатиб, тўрт худкуш ҳужумчидан икки нафарининг суратини ҳам эълон қилган.

Гуруҳга кўра, ҳужумчилар Афғонистоннинг шимолий Қундуз вилоятидан бўлишган.

Сўнгги пайтларда ҳаракатнинг Афғонистоннинг шимолий вилоятларида қайта фаоллашгани кузатилади.

Хўш, икки иттифоқчи гуруҳнинг бир-бирига қарши даъволари нимани англатади?

Би-би-си ҳаракатнинг фаолиятини яқиндан ўрганиб келаётган покистонлик журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзайга боғланди.

Раҳимулло Юсуфзай: Бунга ўхшаш ҳодиса илк бор юз бераётгани йўқ. Бундан аввал ҳам битта ҳужумга масъулиятни икки хил гуруҳ ўз зиммасига олган ҳоллар бўлган. Мисол учун, Гулбиддин Ҳикматёрнинг "Ҳизби Исломий" гуруҳи ва Толибон ҳаракати бир неча бор Афғонистонда амалга оширилган айрим ҳужумларни ўзлари уюштирганликларини даъво этиб чиқишган. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Толибон яқин иттифоқчи бўлишса-да, аммо алоҳида, алоҳида гуруҳ. Аммо аслида нималар юз бергани бизга қоронғу.

Би-би-си:Панжширдаги худкушлик ҳужумига масъулиятни ўзининг яқин иттифоқчиси бўлмиш Толибон ўз зиммасига олган бир пайтда, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига бу каби баёнот билан чиқиш нега керак бўлиб қолди, деб ўйлайсиз? Бу икки иттифоқчи орасига нифоқ солмайдими?

Раҳимулло Юсуфзай: Менимча, гуруҳ Панжширдаги худкушлик ҳужумини аҳамиятли, деб ўйлаган. Чунки ҳужум уюштирилган Панжшир водийсини Толибон, ҳатто, қудратда бўлган пайтида ҳам ўз назорати остига ололмаган. Устига устак, ўша ҳодиса - Панжширда ўтган 10 йил бадалида уюштирилган илк худкушлик ҳужуми эди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳужум ўзларининг ишлари, худкуш ҳужумчилар ҳам ўзларининг одамлари бўлганини даъво қилиб чиққан бўлиши мумкин. Аммо яқин иттифоқчи эканликларига қарамай, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг сўнгги баёноти бу икки гуруҳ орасига нифоқ солиши тайин.

Би-би-си: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бугун Афғонистонда қанчалик фаол, сизнинг назарингизда, улар бугун Панжшир каби бир минтақада худкушлик ҳужуми уюштиришга қодирми?

Раҳимулло Юсуфзай: Ҳақсиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг бунга қанчалик қодир эканига оид шубҳалар бўлиши табиий. Аммо гуруҳнинг ўзига хос устунликлари ҳам йўқ эмас. Чунки уларнинг сафларида ўзбек ва тожик жангарилари ҳам бор. Пуштун толибларга қараганда, уларнинг Панжшир водийсига кириб боришлари осон. Чунки асосан тожиклар яшайдиган ҳудуд бўлгани учун, у ерга бирор бир пуштуннинг бориши маҳаллий аҳолида шубҳа уйғотади. Улар ўз иддаоларига исбот ўлароқ интернетга видео лавҳа ҳам қўйишган. Лекин шунда ҳам, одамларнинг гуруҳ қилаётган баёнотга чин дилдан ишонишлари қийин, деб ўйлайман.

Би-би-си: Бугун Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Афғонистонда фаолият олиб бораётган жангарилари сонини қанчалар деб тахмин этиш мумкин? Улар айнан қайси вилоятларда фаолият олиб боришади?

Раҳимулло Юсуфзай: Гуруҳнинг ҳозирги фаолиятига оид янги ва 100 % ишончли маълумот йўқ. Аммо уларнинг Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидан Афғонистон шимолига ўтишга уринаётганликларига оид хабарлар бор. НАТО ҳам Афғонистоннинг Қундуз дохил шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг аъзоларини ўлдиргани ёки қўлга олганини даъво этиб келади. Гуруҳнинг Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам бор. Аммо, шуниси аёнки, йўлбошчиси Тоҳир Йўлдошнинг ўлими ортидан гуруҳнинг фаолияти анча заифлашган ва ҳужумларининг суръатию кўлами ҳам аввалгидек эмас. Покистонда улар Толибон ва "Ҳаққоний" тармоғи, Афғонистонда ҳам толиблар дастаги билан фаолият олиб боришади. Яъни қаерда жойлашганликларига боғлиқ. Уларнинг сонини бир нечта юз дейиш мумкин.