Франция Президенти Саркози қиз кўрди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Франция Президенти Николя Саркозининг рафиқаси Карла Бруни қиз кўрди. Гувоҳларга кўра, Саркози жаноблари шифохонага рафиқасининг кўзи ёриганидан бир неча соат ўтиб келган.

Президент Олмонияда евроҳудуддаги моливий инқирозга бағишланган музокараларда иштирок этаётган бўлган.

Елисей саройи чақалоқ туғилгани ҳақида махсус эълон қилмаслиги, чунки ҳомиладорлик шахсий масала эканини айтган.

Бруни-Саркози хонимнинг аввалги оиласидан бир ўғли, Николя Саркозининг эса, уч ўғли бор.

Франция матбуоти қизалоқ кеча соат 20:00да туғилгани ҳақида хабар қилган, аммо бошқа тафсилотларни бермаган.

Ахборот агентликларидан бирига кўра, Франция Президентининг рафиқаси атрофидагилардан бири ҳам хабарни тасдиқлаган, бироқ ҳали чақалоқнинг исми оммага ошкор этилмаганини айтган.

'Тарихда илк бор'

Франция тарихида илк бор қудратдаги Президент фарзанд кўрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Карла Бруни кўзи ёригунга қадар омма кўз ўнгида ҳам камнамо бўлган

Асли италиялик Бруни-Саркози хоним имкон қадар ҳомиладорлиги атрофида шов-шув кўтармасликка ҳаракат қилган. То кўзи ёригунга қадар омма кўз ўнгида ҳам кўп кўриниш бермаган.

Айни пайтда у Франция газеталаридан бирида фарзандининг суратларини ҳам ҳеч қачон оммага ошкор этмаслигини айтган. Саркози хоним унинг ҳомиладорлиги Франция оммасини учун у қадар қизиқ эмаслигини ҳам таъкидлаган, айни пайтда шахсий ҳаётни оммага фош этиш "катта одамнинг хоҳиши" эканини айтган.

Гувоҳларга кўра, Президентнинг рафиқаси кўзи ёриган хусусий клиника атрофини хавфсизлик соқчилари ўраб олишган ва журналистларга киришдан 100 метр узоқда туришларига рухсат берилган.

Шу билан бирга бошқа фарзанд кўрган аёлларни кўришга келганлар шифохонага киришларидан олдин полиция томонидан текшириб кўрилган.

Жаноб Саркози клиникага чоршанба куни келган, аммо кўп ўтмай у ерни тарк этган.

Елисей саройига кўра, Президент Олмония канцлери Ангела Меркел, Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Кристин Лагард, Оврўпо Марказий банки бошлиғи Жан Клауд Тричет ва бошқа қатор раҳбарлар билан музокаралар олиб бориш учун Франкфуртга кетган.