Ливия расмийлари Қаддофий 'ўлдирилган'ини айтишмоқда

Муаммар Қаддофий қудратда пайти Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Муаммар Қаддофий қудратда пайти

Ливия муваққат ҳукумати расмийларининг айтишларича, мамлакат собиқ раҳбари Полковник Муаммар Қаддофий Сиртдаги ҳарбий амалиётлар чоғи ўлдирилган.

Ахборот вазири Маҳмуд Шаммамга кўра, жангчилар Полковник Қаддофийнинг жасадини кўрганларини айтишган.

Бошқа расмийлар ҳам Муаммар Қаддофий ўлганини маълум қилишган.

Мазкур даъволарни мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони бўлмаган.

Айрим хабарларда унинг тирик қўлга олингани айтилган.

Ливия 42 йиллик бошқарган Полковник Муаммар Қаддофий ўтган август ойида қудратдан кетказилганди.

Халқаро Жаноят Маҳкамаси уни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ берганди.

Бошқа хабарларга кўра, Полковник Қаддофий Сиртда қўлга олиш жараёнида "жиддий яраланган", аммо тирик. Айтилишича, у Мисратага олиб кетилган.

Қўл телефонида Қаддофийнинг қўлга олиш жараёни туширилган суратлар ҳам тарқатилган.

Унда Ливия раҳбарининг бошидан тинимсиз қон оқаётгани, бутун юзи ва кийимлари қонга белангани акс этади. Суратда Қаддофийнинг кўзлари очиқ, боши тиббиёт ходиминикига ўхшаб кийинган одам тарафидан эҳтиёткорлик билан тутиб турилганини кўриш мумкин. Расмнинг олинган вақти 12:23 деб кўрсатилган, аммо сурат нақадар ишончли экани тасдиқланмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Муаммар Қаддофийники дея даъво қилинган сурат

Айни пайтда Би-би-сининг Триполидаги мухбири мазкур янгилик тасдиқланмаган эса-да, одамлар кўчаларда хурсандчиликларни бошлаб юборишганини айтади.

Қаддофийнинг қўлга олингани ҳақидаги хабар унинг она шаҳри Сирт назорати тўла Ливия муваққат ҳукумат қўшинлари қўлига ўтгани даъво қилиниши ортидан хабар қилинган.

Аммо, мазкур янгиликни ҳозиргача мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони бўлгани йўқ.

Муаммар Қаддофий 1969 йилдан бери Ливияни бошқариб келган. Ўтган август ойида исёнкор кучлар пойтахт Триполига кириб келишлари ортидан қудратдан кетказилганди.

Унинг тузумига қарши норозилик чиқишлари ўтган феврал ойидан бошланганди. Халқаро Жиноят Маҳкамаси уни қўлга олиш тўғрисида буйруқ берганди.

Агар Сирт тўла назорат остига олингани ва Қаддфоий қўлга олингани борасидаги хабарлар тасдиқланса, бу албатта Ливия инқилобидаги бурилиш нуқтаси бўлади. Ва бундан буёғи жанглар якун топиши ҳамда сиёсий жараёнлар бошланишига умид қилинади.

Олтин тўппонча

Бир неча ойлардан бери Ливияда бомба ҳужумларини амалга ошириб келган НАТО пайшанба куни Сирт яқинида қаддофийчиларга тегишли икки машинани ҳаводан нишонга олганини айтган.

Аммо, бу ҳужумларнинг Полковник Қаддофийнинг ўлимига алоқаси борми-йўқлиги аниқ эмас.

Ўтиш даври Миллий Кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил бугун миллий телевизион орқали чиқиши кутилмоқда.

Ахборот вазири Маҳмуд Шаммам ўшанда Ўтиш даври Миллий Кенгаши раҳбари Полковник Қаддофийнинг ўлимини расман тасдиқлаши мумкинлигини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Ал-Жазира телеканали Муаммар Қаддофийнинг жасади туширилгани даъво қилинган видеотасвирни намойиш этган

"У жангчилар ҳужумида ўлдирилган. Бунга оид тасвир бор", деб айтган у.

Ал-Жазира телеканали ҳам Муаммар Қаддофийнинг жасади туширилгани даъво қилинган видеотасвирни намойиш этган.

Яна бир муваққат ҳукумат расмийси Абдил Ҳафиз Ғога ахборот агентликларидан бирига: "Биз дунёга Қаддофий инқилоб қўли билан ўлдирилганини эълон қиламиз", деб айтган.

"Бу тарихий дақиқалар. Бу зулм ва диктаторликнинг ниҳоясидир. Қаддофий ўз ажалини топди", деб айтган у.

Ўтиш даври ҳукумати жангчиси Би-би-сига Полковник Қаддофий Сиртдаги ўрада яширинган бўлгани ва собиқ раҳбар унга: "Отма", дея ёлворгани ҳақида гапирган.

Жангчи мухбирларга олтин тўппончани кўрсатиб, уни Полковник Қаддофийдан тортиб олганини айтган.