Аксилқаддофий кучлар 'Сирт назоратини тўла қўл киритишди'

Ливия Ўтиш даври Миллий Кенгаши кучлари Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ливия Ўтиш даври Миллий Кенгаши кучлари ғалабани тантана қилишмоқда

Мухбирлар ва гувоҳларнинг хабар қилишларича, Сирт шаҳри назорати тўлиқ Ливия Ўтиш даври Миллий Кенгаши кучлари қўлига ўтган.

Сирт Ливиядаги қаддофийчилар ин қурган сўнгги шаҳарлардан бири эди.

Мухбирларга кўра, пайшанба куни олиб борилган охирги жанг 90 дақиқалар давом этган.

Ҳукумат кучлари Муаммар Қаддофийнинг она шаҳри бўлган Сирт учун бир неча ҳафтадан бери қақшатқич жанглар олиб боришаётганди.

Қўшинлар Сирт марказида мерганларнинг қаттиқ қаршиликларига дуч келишган.

Аммо, пайшанба куни эрталаб Сирт шарқидаги ҳарбий амалиётларга бошчилик қилаётган қўмондонлардан бири Рейтрс ахборот агентлигига: "Сирт озод қилинди", деб айтган.

"У ерда Қаддофий кучлари қолмади. Биз қочиб кетаётган жангчиларни таъқиб қилмоқдамиз", дейди Полковник Юнус ал-Абдали.

Асошейтед Прессга кўра, камида 16 нафар қаддофийпараст жангчи ўқдорилар ва қурол-яслаҳалар ортилган автомобиллар билан бирга қўлга туширилган.

Ҳали ҳамон Триполи жануби-шарқидаги Бани Валид шаҳарчасида маълум сондаги Қаддофийга содиқ кучлар билан жанглар давом этмоқда.

Ливия Ўтиш даври Миллий Кенгаши Сирт қўлга киритилганидан кейингина мамлакат озод бўлганини эълон қилиши ҳақида айтганди.

Ўтган август ойида исёнкор кучлари Триполига кириб келишаркан, Ливияни 42 йил бошқарган Полковник Қаддофий қудратдан ағдарилганди.

Ҳозир унинг қаерда экани номаълум қолмоқда. Муаммар Қаддофийнинг баъзи оила аъзолари мамлакатни тарк этишган ва айримлари яшириниб юришгани айтилади.