АҚШ сенатори: Ливияда тезроқ сайловлар ўтказиш лозим

Сенатор Марк Кирк Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сенатор Марк Кирк: Ливияда исломчи партиялар куч тўпламасдан ҳаракат қилиш керак

Муааммар Қаддофийнинг ўлимидан сўнг, НАТО ҳарбий амалиётлари ўз ниҳоясига етиши кутилади.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Ливия халқи келажак борасида ўзи қарор бериши кераклигини айтган.

АҚШ Президенти Барак Обама НАТО ҳаво ҳужумларини назарда тутаркан, айни амалиётлар ливияликлар тақдирини белгилашда имкон яратганини қайд этди.

Америка расмийлари Ливиядаги ҳодисалар ривожини кузатиб боришмоқда.

Улардан бири, ўтган ойда Ливияга сафар қилган Сенатор Марк Кирк Би-би-сига Полковник Қаддофийнинг ўлимига ўз муносабатини билдирган. Сенатор Марк Кирк: Ливиянинг келажаги учун яхши хабар бу... Обама маъмурияти, НАТО кучлари ва энг аввал ливияликлар учун ғалаба бўлди. Бенғази қамалида исёнкорлар жуда ночор аҳволда қолишганди, ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмаган эди... Аммо улар 41 йиллик диктаторни енгишга муваффақ бўлишди. Ливияни қайтариб олишди.

Би-би-си: Сиз полковник Қаддофийнинг ўлимига доир тафсилотлардан ташвишланмоқдасизми? Ҳозир кўрсатилаётган қонли тасвирларга қараганда, Қаддофий қўлга тушганида тирик бўлган. Кейин бизнинг тушунимизча калласидан отилган?

Сенатор Марк Кирк: Йўқ, бу дунёнинг энг шафқатсиз диктаторларининг интиҳоси эди. У ПАН АМ 103 учоғини портлатиш режасининг муаллифи, кўплаб америкалик ва британияликларнинг ёстиғини қуритган бир одам эди. Қаддофий ўз шаҳрида яшириниб олди. Унинг кучлари мағлуб бўлганидан кейин машинага ўтириб қочишга ҳаракат қилди. Машинаси ҳаво ҳужумига учраганидан кейин хабарларга кўра, у ярадор бўлган ва қочган, алал оқибат оқава сувлар қувури ичида яшириниб олган... менинг назаримда, диктатор ўз амалларига яраша хотима топди.

Би-би-си: Ўз амалларига яраша хотима топди дейсиз, аммо Сенатор айтингчи, шу ҳеч қурса, Локкерби фожеаси учун ҳам уни маҳкамага тортиш керак эди, деб ўйламайсизми? Қанчадан-қанча жавобсиз қолган саволлар бор, шундай эмасми?

Сенатор Марк Кирк: Албатта, уни маҳкама тортишгани ва кейин ўлимга ҳукм қилишгани биз учун яхшироқ эди...Эндиликда, ливияликлар ўзларини юз фоиз сайловлар ўтказишга бағишлашлари, мамлакат нефтидан тушадиган даромадларни жиҳодга, Ҳизбуллоҳ ва ё Ҳамасга эмас, балки таълим, соғлиқни сақлаш тизимлари ва ливияликларнинг иқтисодий эҳтиёжларига сарфлашлари мумкин бўлади.

Би-би-си: Сенатор, Сиз Ливия билан Болқон давлатлари орасида ўхшашлик кўрасизми, масалан Тито каби қаттиққўл раҳбар кетганидан кейин Болқон бўлиниб кетди. Ливияда ҳам шундай бўлади, деб ўйламайсизми?

Сенатор Марк Кирк: Мен йигирма кун аввал Сенатор Маккейн билан Триполида бўлдим, ўшанда хавотир бор эди бизда, чунки шаҳарнинг ўзи 28 саккизта бир-биридан фарқли жангарилар назорат остига олинганини айтишди. Халқаро ҳамжамият ҳозир Ливияга ёрдам бериши керак. Сайловлар ўтказилиши лозим. Кейин барча ҳарбий гуруҳлар мамлакат армиясига бирлашиб демократия назорати остида бўлиши шарт. Шунингдек, Қаддофийнинг кимёвий қуроллар заҳирасини, минглаб ер - осмон ракеталарини ҳам назорат остига олиш керак. Ҳозир бу қуроллар жангари гуруҳлар назорати остида ва дунё бўйлаб жиҳодий гуруҳлар қўлига тушиб қолиши мумкин.

Би-би-си: Мана шу хавотирларни назарда тутсак, эҳтимол НАТО ҳарбий амалиётларни эртароқ тўхтатаётгандир?

Сенатор Марк Кирк: Йўқ, Бани Валиддаги амалиётлар ҳам ниҳоясига етди, биз ҳарбий амалиётларни тўхтатиб эътиборимизни Бош вазир Жибрилга ёрдам беришга қаратишимиз лозим. Тезроқ сайловлар ўтказиш керак, чунки ҳозир исёнкорлар анча обрўга эга, вазиятдан фойдаланиш ва исломчи партиялар куч тўпламасдан ҳаракат қилиш керак. Ливияликларнинг айтишларича, уларга кўп ҳам моддий ёрдам керак эмас ҳозирда, чунки дунё бўйлаб банк ҳисобларида Ливия юз миллиардга яқин маблағга эга. Аммо, улар минглаб ярадорларни даволаш учун докторлар, ҳамшираларга эҳтиёжи бор. Сайлов ўтказишда эҳтимол улар маслаҳатчилар ва экспертлар ёрдамига ҳам муҳтождир... Лекин, исёнкор раҳбарлар буларнинг бариси учун пул тўлашга қурблари етишларини бир неча марта такрорлашди.