‘Россияда ҳар уч муҳожирдан биттаси рус тилини билмайди’

Россия Муҳожирлик Хизмати раҳбари Константин Ромодановскийнинг айтишича, мамлакатига келаётган муҳожирларнинг ўттиз фоизга яқини рус тилида гапиролмайди.

“Агар Россияда тўққиз миллиондан ортиқ муҳожир бўлса, уларнинг қарийб 29 фоизи рус тилидан бехабар”, дейди жаноб Ромодановский.

Ташкилот маълумотларига қаралса, меҳнат муҳожирларининг аксарияти Россияга МДҲ давлатларидан келишади.

Шу йил ёз ойида Россия Муҳожирлик Хизмати муҳожирлар учун рус тилидан синов ташкил этилиши, мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритмоқчи бўлганларидан эса, рус тилидан имтиҳон олинишини эълон қилганди.

Бироқ мутахассислар янги тартибни тадбиқ этиш осон бўлмаслигини айтишади.

Уларнинг ишонишича, янги тартиб Россияда коррупция бозорининг кенгайишига хизмат қилади, холос.

Мутахассисларга кўра, устига устак, қанчалик меҳнатда бандлиги ва ишлаш шарт-шароитлари назарда тутилса, Россиядаги меҳнат муҳожирларини рус тилини ўргатишга жалб этишнинг ўзи ҳам осон бўлмайди.

Аммо пойтахт Москвада яшаб, меҳнат қилаётган ўшлик Фарида Россия Муҳожирлик Хизматининг қарорини ёқлашини айтади.

Фарида агар ўзидан рус тилидан имтиҳон ёки синов топшириши сўралса, улардан бемалол ўта олишига кўзи етишини ҳам таъкидлайди.

"Рус тилини умуман билмайдиганлар бор бу ерда. Дўконга нон сотиб олиш учун кириб, битта "хлеб", деб айтолмайдиганлар бор. Бундан кўра, рус тилини ўрганган яхши эмасми...Чунки тил билган яхши-да", дейди у.

"Биринчидан, рус тилини билмасангиз, яхши иш тополмайсиз. Маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилолмайсиз. Ҳатто, фаррош бўлиб ишлаш учун ҳам озроқ тил билишингиз керак-да. Акс-ҳолда, "пиёда-пайпоқ" бўлиб кетасиз. Одамига қараб-да. Шунақа ёмон одамлар борки, ҳатто, тил билсангиз ҳам, сизни гап билан ернинг тагига киритиб юборади".

Суҳбатдошимга кўра, Россияда муҳожирларнинг рус тилини ўрганишлари учун сўнгги йилларда кенг имкониятлар яратилган.

"Уч ойдан олти ойгача текинга рус тилини ўрганиш мумкин, текинга махсус китоблар, луғатлар беради", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рухсатнома муаммоси

Ҳозирда Россияга келган меҳнат муҳожирларидан ишлаш учун махсус рухсатнома олиш ҳам талаб қилинади.

Ушбу рухсатномани олиш учун муҳожирлардан яшаётган минтақаларига кўра, 15 мингдан 30 минг рублгача тўлаш ва яшаш жойларида рўйхатдан ўтиш талаб қилинади.

Ўтган йили Жаҳон банки Россия ҳукуматини мамлакатга меҳнат муҳожирларини кўпроқ жалб этишга чақирган эди.

Жаҳон банкига кўра, Россияда тобора қисқараётган ишчи кучининг ўрнини қоплаш учун яқин 20 йилда 12 миллион меҳнат муҳожири жалб этилиши лозим бўлади.

Банк мутахассислари фикрларича, Россия аҳолиси сони камайиб камайиб бораётгани иқтисодда салбий акс этиши мумкин.

Россия расмийлари меҳнат муожирлари жалб этилиши лозимлигини тан олишса-да, жамиятда муҳожирларга бўлган муносабат ҳамон мураккаблигича қолаётир.

Яна бир мушкулот

Ирқчилик асосида муҳожирларга ҳужумлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Асосан Марказий Осиё мамлакатларидан келган меҳнат муҳожирлари Россияда аксарият ҳолатларда кам иш ҳақи тўланадиган "қора ишлар"ни бажаришади ва деярли ҳар қадамда камситишга дучор бўлади.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони қарийб икки миллионга етган ва улардан аксариятини муҳожиротга пул топиб, кун ўтказиш илинжи етаклаган.

Бироқ кузатувчиларга кўра, уларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Масъулларга кўра, Россияда ишлаётган ўн миллион меҳнат муҳожирининг ярмига яқини ноқонуний мавқеъдадир.

Глобал иқтисодий инқироз Россияда меҳнат муҳожирлари аҳволини янада қийинлаштиргани айтилади.

Ҳукумат ўтган йили Россия ўз фуқароларини иш билан таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш мақсадида муҳожирларга белгиланган квота микдорини анча камайтирган эди.

2011 йил бўйича бутун Россия буйича қарийб 2 миллион ҳорижликка ишлаш квотаси ажратилган.

Мутахасисларга кўра, биргина Москвада 2 миллионга яқин меҳнат муҳожирлари ишлаётгани ҳисобга олинса, ушбу квота миқдори ниҳоятда камдир.

Ўзбекистон расмийлари четдаги меҳнат муҳожирлари ва уларнинг мамлакат иқтисодиётидаги ўрни борасидаги статистик маълумотларни жамоатчиликка ошкор этмайдилар.

Мустақил иқтисодий таҳлилчилар фикрича, айнан меҳнат муҳожирлари оилаларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистонда жамиятдаги тарангликни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилади.