Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси оламдан ўтди

Шаҳзода Султон
Image caption Шаҳзода Султон саратон хасталигидан азият чеккан

Саудия Арабистони валиаҳди Шаҳзода Султон бин Абдулазиз вафот этган.

Валиаҳд шаҳзода Қирол Абдуллоҳнинг ота бир укаси ва мамлакат тахтига илк даъвогари бўлган.

Айни пайтда у Мудофаа ва Авиация вазирликларини бошқарган.

Ёши 80дан ошган Шаҳзода Султон 2004 йилдан бери йўғон ичак саратони билан оғриган.

Унинг Нью Йоркдаги шифохонада оламда ўтгани тахмин қилинади.

Шаҳзода Султон Қўшма Штатларга тиббий текширувдан ўтиш учун борган ва ўтган июл ойида Нью Йоркда жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган.

Саудия Арабистони қироллиги унинг ўлимини тасдиқлаган. Қўшма Штатлар Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Шаҳзода Султон хотирасига ҳурмат бажо келтирган ва Вашингтон ва Саудия Арабистони билан алоқалари "мустаҳкам ва давомий" эканини айтган.

"Валиаҳд Шаҳзода кучли раҳбар ва Қўшма Штатларнинг узоқ йилик яхши дўсти, шу билан бирга ўз мамлакатининг чарчамас ҳимоячиси эди", деб айтган Клинтон хоним. У ўлим хабарини Тожикистонга сафари чоғи олган. Шаҳзода Султон Саудия Арабистонидаги энг қудратли оиланинг аъзоси, қиролликка асос солган Ибн Сауд номи билан маълум Қирол Абдулазизнинг ўғилларидан бўлган.

Унинг вафоти ортидан энди Ички ишлар вазири, 78 ёшли Шаҳзода Найиф тахтга биринчи даъвогар сифатида эълон қилинадиган кўринади.