Америка 'Ҳаққоний' тармоғи билан музокара олиб борган

Яқинда "Ҳаққоний" агарда Толибон тинчлик музокараларига борса, ўзлари ҳам худди шундай қилишларини баён қилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Яқинда "Ҳаққоний" агарда Толибон тинчлик музокараларига борса, ўзлари ҳам худди шундай қилишларини баён қилганди

Қўшма Штатлар Давлат котибаси Ҳиллари Клинтонга кўра, Америка "Ҳаққоний" жангари гуруҳи вакиллари билан музокаралар олиб борган.

Клинтон хоним мулоқот қаерда ва ё кимлар иштирокида ўтгани борасидаги тафсилотларни ошкор қилмаган.

АҚШ Давлат котибаси бу ҳақда жума куни Исломободга қилган сафари чоғи журналистларга гапирган.

Унинг айтишича, "Ҳаққоний" тармоғи билан мулоқотни ташкиллаштиришда "аслида Покистон ҳукумати расмийлари ёрдам беришган".

Ҳиллари Клинтонга кўра, америкаликлар бу билан жангариларнинг тинчлик жараёнига қўшилишга қанчалар ҳозир эканларини синаб кўрмоқчи бўлишган.

Яқинда тармоқ агарда Толибон тинчлик музокараларига борса, ўзлари ҳам худди шундай қилишларини баён қилганди.

"Биз Толибонга қўл чўзиб, "Ҳаққоний" тармоғига қўл чўзиб, уларнинг хоҳиш-иродалари ва нақадар самимийликларини синаб кўрдик. Ва ҳозир биз-Афғонистон, Покистон ва Қўшма Штатлар биргалашиб, буни ростмана музокараларга олиб бориш учун ишлаяпмиз", дея қўшимча қилган Америка Давлат котибаси.

Мазкур йиғин хусусида ёзда ҳам хабарлар тарқалган, бироқ Америка тарафи вақтини тасдиқлашдан бош тортганди.

Аммо, АҚШнинг юқори мартабали расмийларидан бирига кўра, учрашув ёзда, Покистон жосуслик хизматининг таклифи билан уюштирилган.

Покистонликлар Америкадан "Ҳаққоний" тармоғига бир марта имкон беришни сўрашган.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Ким Ғаттаснинг айтишича, Афғонистон урушига якун бериш учун сиёсий муроса ўта муҳимдир.

Таранг муносабатлар ва 'янгича ҳамкорлик'

АҚШ ва "Ҳаққоний" тармоғи вакиллари билан учрашув Афғонистонда Америка қўшинлари ва Кобулдаги Қўшма Штатлар элчихонасига қарши йирик ҳужумлардан олдин бўлиб ўтган.

"Ҳаққоний" тармоғи ҳужумлар ортида турганликда айбланади.

Ўтган сентябр ойи Американинг энг олий даражадаги ҳарбий зобити - адмирал Майк Маллен "Ҳаққоний" тармоғини Покистон жосуслик хизматининг "ҳақиқий қуроли" деб таърифлаганди. Бу билан АҚШ қўмондони Покистон жосуслик хизматларини жангариларни тўғридан-тўғри дастаклашда айблаган.

Покистон тарафи бундай айбловларни рад этади.

Ўтган ой Бош вазир Юсуф Ризо Гийлоний Покистон жангариликка қарши курашда "АҚШнинг босимига букилмайди" деб айтганди.

Куни кеча Клинтон хоним Покистон Ташқи ишлар вазири Ҳана Раббоний Хар билан музокаралар олиб борди. Учрашув ортидан Раббоний Хар халқаро ҳамкорлик билан кўпроқ нарсага эришиш мумкинлигини айтган.

"Ҳамкорлик қилишимиз керакми? Ҳа. Биз кўпроқ ҳамкорлик қилишимиз ва яхшироқ натижаларга эришишимиз мумкин", деб айтган Покистон Ташқи ишлар вазири.

АҚШ ва Покистон ўртасидаги муносабатлар ўнлаб йиллар асносидаги энг қуйи даражасига тушган.

Ойлаб давом этган танглик ортидан Клинтон хоним Исломободда Марказий Жосуслик Хизмати раҳбари Девид Петреус ва АҚШ Марказий Қўмондонлиги қўмондони Мартин Демпсиларни ўз ичига олган қудратли Америка ҳайъатига етакчилик қилган.

Пайшанба куни Афғонистон пойтахти Кобулда Клинтон хоним АҚШ, Афғонистон ва Покистонни тинчликни қарор топтириш учун жангариларга қарши курашда янгича ҳамкорликни бошлашга чақирган.

Айни пайтда у Покистон Афғонистон можароси ечимининг "бир қисми бўлиши керак"лигини таъкидлаган.