АҚШ Давлат котиби сафарида ҳамроҳлик қилаётган Би-би-си мухбири кузатишлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си мухбири Ким Ғаттас АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтонга Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарида ҳамроҳлик қилмоқда.

"Тошкент билан алоқалар аҳамияти жуда ортиши мумкин", дейди Би-би-си мухбири.

Афғонистондаги Америка қўшинлари учун жанговор бўлмаган юкларнинг катта қисми Ўзбекистон ҳудудидаги темир йўл орқали ўтади.

Вашингтон бу улушни янада кўпайтиришни истайди, боиси у Исломобод билан алоқалари таранглашиб борар экан, Афғонистонга транзит йўлида Покистонга қаттиқ қарам бўлиб қолишни истамайди.

Шундай экан, Тошкент билан алоқалар аҳамияти жуда ортиши мумкин.

Ўзбекистон, шунингдек, Афғонистонга электр энергияси узатади.

Шунинг учун ҳам Қўшма Штатлар Ўзбекистонни ижобий ўйинчи сифатида кўради.

Лекин бу мамлакат минтақадаги энг репрессив мамлакатлардан бири деб кўрилади, унинг Президенти Ислом Каримов 1990 йилдан буён қудратда.

Ўтмишда Вашингтон билан Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари масаласида "тўқнашишларига" тўғри келган.

Қўшни Тожикистондаги норасмий учрашув пайти Клинтон хонимдан нега у Ўзбекистон президенти билан учрашишни хоҳлаши ҳақида сўрашди.

Унинг айтишича, бу каби учрашувлар ўзининг мамлакати раҳбарига гапириш имкони йўқ кишилар номидан инсон ҳуқуқлари бўйича босим ўтказиш йўлидир.

Клинтон хоним Президент Каримов билан учрашув пайти сиёсий ислоҳотлар, дин ва сўз эркинликлари масалаларини кўтарган.

Америкалик расмийга кўра, Ўзбекистон раҳбари ўзининг замонавийлаштирилган меросини фарзандлари ва набираларига қолдиришдан манфаатдорлигини айтган.