Тунисликлар илк эркин сайловда овоз бердилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тунисликлар Яқин Шарқда "Араб баҳори" бошланганидан буён илк эркин сайловда овоз берганлар.

Сайловчилар Таъсис Кенгаши учун овоз берганлар.

Таъсис Кенгаши Туниснинг янги конституциясини ишлаб чиқади ва муваққат президентни сайлайди, муваққат президентнинг эса янги ҳукумат таркибини тузиши лозим бўлади.

Тунисни 23 йил мобайнида бошқарган президент Зайн Ал-Обидин Бин Али шу йилнинг 14 январи куни мамлакатдан қочишга мажбур бўлди.

Тунисдаги халқ ғалаёнлари бошқа мамлакатларда ҳам одамларни руҳлантирди.

Феврал ойида Мисрни узоқ йиллар бошқарган Ҳусни Муборак ҳокимиятни топширишга мажбур бўлди.

Ливияликлар Муаммар Қаддофийга қарши кўтарилдилар.

Сирт шаҳрида полковник Қаддофий ўлдирилиши ортидан 23 октябр куни Миллий Ўтиш даври кенгаши Ливия озод этилди деб расман эълон қилишларини билдирдилар.

"Араб баҳори" деб номланган халқ қўзғолонлари Сурия ва Ямандаги вазиятни ҳам беқарорлаштирди.

Тунисдаги сайлов ортидан ташкил топган Таъсис кенгаши 217 депутатдан иборат бўлади.

Ушбу сайловда "Наҳда" исломчилар партияси кўп овозни тўплайди, дея башорат қилинмоқда.

Исломчиларнинг асосий рақиби сифатида Илғор Демократик партия кўрилмоқда.

Расмийлар етти миллиондан ортиқ киши сайловда иштирок этиши ҳақида маълум қилганлар.

Овоз бериш жараёнини юзлаб хорижий ва минглаб маҳаллий кузатувчилар кузатганлар.

Оврўпо Иттифоқи кузатувчиларига кўра, сайловолди кампанияси шаффоф ўтган.

Би-би-си мухбири Алан Литтл тунисликлар бутун дунё нигоҳи ўзларига қадалганини яхши англайдилар, деб ёзади.

Кучли муваффақиятга эришиш истаги

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу Тунис Франциядан 1956 йилда мустақил бўлганидан кейинги илк ҳақиқий эркин сайлов, Араб баҳори ҳам келтирган биринчи сайлов бўлаяпти.

Бунинг учун тунисликлар тез ҳаракат қилишни исташди, диктатор Зайн Ал-Обидин Бин Али қудратдан кетказилганига атиги 10 ой бўлди.

Сайлов мусобақасига 100 дан ортиқ партия киришган, улар орасида Бин Али ҳукмронлиги пайти тақиқланган исломчилар партияси энг яхши ташкиллашгани бўлаяпти.

Сайлов олдидан авж олдирилган интернет ташвиқотида бу партия экстремистларнинг партияси дея таърифланди, бироқ исломчиларнинг лидерлари исломий давлат барпо этиш ғоясига қарши эканликларини, Тунисда бирор бир партия ҳукмрон бўлмаган, очиқ, сабр-тоқатли ва бир неча партияли жамият барпо этилишини хоҳлашларини айтмоқдалар.

Дунёвий партияларнинг ҳам сайловда яхши натижаларга эришишлари кутилаяпти, улар асосий эътиборларини иқтисодий ва ижтимоий масалаларга қаратганлар.

Дунёвий партиялар хусусий мулк ҳимояси, иш ўринлари барпо этиш ва ижтимоий тенглик масалаларини кўтарганлар.

Демократик ўзгаришларга ҳаддан зиёд катта умидлар билдирилаяпти, умидларки, нафат Тунисда, балки, бутун Араб дунёсида.

Тунисликлар "Араб баҳори"ни бошлаб берган халқ бўлди.

Улар ўзларига бутун дунёнинг нигоҳи қудратни бир кучдан иккинчи кучга ўтказишнинг муҳим босқичи сифатида қадалганини яхши тушунадилар.

Шунинг учун уларда муваффақиятга эришиш истаги ҳам ҳаддан зиёд кучли.