Тунисда "араб баҳори"нинг илк сайлови натижалари саналмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Якшанба куни овоз бериш участклари ўнгидан узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлди.

Тунисда 23 октябр куни ўтказилган парламент сайловлари натижалари саналмоқда.

Расмийларга кўра, рўйхатдан ўтказилган сайловчиларнинг 90 фоиздан кўпроғи овоз бергани келган.

Якшанба куни овоз бериш участклари ўнгидан узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлди.

Сайлов участкларининг кеч соат 19.00да ёпилиш вақтида ҳам навбат кутиб турганлар кўп эди ва уларга овоз беришга рухсат берилди.

Кўплаб сайловчилар овоз берганларининг далили сифатида ўчмас сиёҳга ботирилган бармоқларини кўз-кўз қилдилар.

Тунисликлар янги Конституцияни ишлаб чиқувчи ва муваққат ҳукуматни белгиловчи 217 ўриндан иборат парламент учун овоз бердилар.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Туниснинг тинч сайлов жараёнини олқишладилар.

Америка Президенти Барак Обама Тунисдаги сайловларни "илгари қўйилган муҳим қадам", дея таърифлади.

Асосий партиялар

Исломий Уйғониш партияси, "Эннадҳа" энг яхши ташкиллаштирилган ва кенг қўлловга эга партиядир. Ҳозирда бу партиянинг Парламентда энг кўп ўринларни қўлга киритиши башорат қилинмоқда.

Собиқ Президент Бен Али даврида бу партия фаолияти тақиқланганди. Партия раҳбари Рашид Ғануши яқинда 20 йиллик мухожиратдан сўнг Тунисга қайтиб келди.

Жаноб Ғануши унинг партияси замонавийлик ва Ислом ўртасида мувозанатни топишга ҳаракат қилиб, "демократия ва замонавийликни ҳурмат қилиши"ни билдирган.

"Демократик Тараққиёт партияси" Тунисда донг таратган дунёвий партиялардан бири. Собиқ Президент даврида бу партия фаолият олиб боришга рухсат берилган саноқли ҳаракатлардан бири эди.

Партия раҳбари Нақиб Шебби инқилобдан бери мамлакатнинг минтақавий ривожланиш вазири вазифасини ўтаб келмоқда. Жаноб Шеббига 2009 йилги президентлик сайловларида иштирок этишга имкон берилмаганди.

Ўзининг ғояларини социал-демократик, дея айтиб келувчи партия "Эннадҳа" билан қудрат бўлишиш эҳтимолидан хурсанд эмас, аммо мутлақо рад ҳам этмаган.

"Меҳнат ва эркинликлар учун демократик форум" ёки "Эттакатол" номи билан танилган социал демократик партия охирги ҳафталардагина ном қозона бошлади. Омма фикрини ўрганиш сўровлари натижаларига кўра, сайловлардан олдин бу партиянинг обрўси халқ орасида "Демократик Тараққиёт партияси"никига тенглашганди.

"Эттакатол"га 1994 йили асос солинган, аммо расман фақатгина 2002 йилга келиб рўхатдан ўтишга муваффақ бўлган. Партия раҳбари Мустафо Бен Жафар шу йил мобайнида қисқа муддат Соғлиқни Сақлаш вазифасини ўтади.