Туркияда зилзиладан омон қолганларни қидириш жараёни давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Туркия шарқидаги Ван вилоятида юз берган кучли зилзила оқибатида вайронлар остида қолиб кетганларни қидириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар олинган маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 1000 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Зилзиланинг кучи Рихтер шкаласи бўйича 7.2 балл бўлган.

Кўплаб бинолар қулаб тушган. Ўн минглаб одамлар совуқ ҳавода тун-у кунни кўчаларда ўтказишга мажбурлар.

Талофотлар сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон минтақага сафар қилиб, вайронагарчиликлар кўламини кўрган.

Зилзила маҳаллий вақт билан соат 13.41 да рўй берган. Шундан сўнг икки кучли қайтиш, бири 5.6 балл ва яна бири 6.0 баллик зилзила рўй берди.

Ван ва яқин атрофдаги шаҳарда талабалар ётоқхонаси дохил 80 га яқин бино қулаб тушган.

Табиий офат юз берган ерга қўшимча ёрдам ва техника юборилган бўлса ҳам, маҳаллий аҳоли баъзида қўллари билан вайроналарни тозалаб, остида қолганларни қутқаришга мажбур бўлмоқдалар.

Ван шаҳар ҳокимининг айтишича, вайроналар остидан одамларнинг ёрдамга илтижолари эшитилиб турибди. Туркиялик сейсмолог Пўлат Гулканнинг Би-би-сига айтишича, Туркияда уйлар ва бинолар қурилишида кўпда техник қонун-қоидларга риоя қилинмаслиги уларнинг қулашига сабаб бўлган омилдир.

Ван ва Эржис шаҳарларида сув ва электр таъминоти, телефон алоқаси узилиб қолган. Ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида расмийлар газ таъминотини ҳам тўхтатишга мажбур бўлганлар.

Минтақага чодирлар, кўрпа-тўшак, озиқ-овқат ва ичимлик суви жўнатилмоқда.

Ёрдам етказиш учун ҳарбий учоқлар сафарбар этилган.